Pay. Iyun 27th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Бозордан озор етмасин!..

“Ҳар қандай юртнинг қанақа эканлигини билишни хоҳласанг ўша юртнинг бозори  билан мозорини  айлан…” деган ҳикматни кўп эшитганмиз.

Ҳолбуки, юртимизда аждодларимиз хотирасига, миллий қадриятларига эьтибор юксак. Шусабаб, масжиду қабристонлар, зиёратгоҳлар бугун обод манзилга айланмоқда. Аммо бозорларимиз қандай? Обод шаҳримизнинг бозорлари ҳам ободми? Тўғри, бозорларимизнинг ташқи кўриниши кўркам, сотувчи ва харидорлар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиши мумкин, лекин…

Нукус марказий бозори

Ҳар гал Нукус марказий (деҳқон) бозори томон йўлим тушар экан бир қанча хунук одатларга гувоҳ бўламан. Шундоққина, машиналар турар жойининг ёнгинасида очиқ ҳавода машина ва пиёдаларнинг чанг тўзони остида сотилаётган озиқ-овқат ва мавсумий салат маҳсулотларини, кўриб, ҳали бу маҳсулотларни истеьмол қилмай туриб, ошқозонимда оғриқ туради…

Аммо бу ҳолатни кўра била туриб, вазиятга кўзимизни юмиб, ушбу маҳсулотлардан харид қиламиз. Ҳозир қиш фасли бўлганлиги туфайли ерга салгина ёғиб ўтган ёмғир бир ойликб алчиқни келтириб чиқаради. Айрим сотувчиларимиз эса мана шу ёмғир кўлмакларнинг ёнида ёки балчиқнинг ўртасида ўтириб озиқ-овқат маҳсулотларини сотишади. Машиналарнинг тезлик билан келиб кетишлари очиқ ҳаводаги озиқ-овқатларнинг устидан лой сачратиб ўтишини кўриб савдо қилишданам кўнглинг совийди инсон. Худди шу каби шароитсиз, ноқулай жойларда писта сотаётган пистачи ака-опалар эса… Бунинг  ўзи бирмасала!


Нукус марказий бозори

Тўғри, бу бир тарафдан ўша сотувчилар учун тирикчилик ва даромад манбайи бўлиши мумкин. Бироқ, афсуски истеьмолчилар учун бу турли хилдаги микроблар, касалликлар манбайи. Масалага тиббиёт нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, очиқ ҳавода туриб қолган бу маҳсулотлар жумладан ботулизм касаллигини келтириб чиқаради. Баъзида, марказий бозорнинг ичкариси томон кирар эканмиз, шундоқ йўл бўйида сотилаётган мавсумий салатларнинг хушбўй ифори иштаҳани қитиқлайди. Нафсимизга бўйсуниб, эндигина харид қилишга чоғланаётганимизда турли  пластмасса идишлардаги , ақалли, устига селафан пакет ҳам ёпилмаган маҳсулотни кўриб, яна ортимизга қайтамиз. Чунки бу салатлар қай тарзда тайёрланди, тайёрланганига қанча бўлди… Буниси бизга қоронғу. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: бу маҳсулотларни сотиш учун белгиланган жой йўқми? Бозор мутасаддилари қайерга қараяпти?… ачиниб кетасан киши. Сўзим аввалида айтганимдек, бозор бу юртнинг кўзгуси экан, бу кўзгуга доғ туширмаслик, бозор маданиятига риоя қилиш ҳар бир сотувчининг, фуқаронинг инсоний бурчи.

Гўзал РЕЙМБОЙЕВА      

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial