Pay. Iyun 27th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

«ДЕПУТАТМАН, ДЕЙИШГА ИЙМАНАМАН»…

“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири Исомиддин Пўлатов туман кенгаши депутатлари ҳақида танқидий ва анчагина таҳлилий мақола ёзган. Депутатман деган кишининг юрагидаги оғриқли дардларига ўхшайди у. Депутат ким ва унинг ваколатларини билмайдиган сохта «депутатлар» ҳам орамизда йўқ эмас. Ҳақиқий депутатларни ҳурмат қилган ҳолда, «сохта» рол ижро этаётган депутатларни ушбу материал бироз инсофга келтирса ажаб эмас:

«Туман кенгаши депутатиман.
Келинг, қисқача шу ҳақда.

Туман кенгашида бўшаб қолган ўринга номзодимни таклиф этишди. Аниқроғи, сайловнинг бир ҳафта нари-берисида. Руҳий тайёр эмасдим, депутатнинг ваколати, мажбуриятини билишга, ҳис этишгаям улгурмадим. Шунчалик тез депутатга айландимки, англамай қолдим. Мени ким сайлади, нега сайлади, ҳозиргача тушунмайман.

Ўйлайманки, тумандаги бир ташкилот раҳбари эканим, газетада муҳаррирлигим депутат бўлишга лойиқлигимни билдирмайди. Бундай бўлмаслиги керак. Одамнинг лавозими сайловларда роль ўйнаши тарафдори эмасман.

Рости, дастлабки сессияларда қатнашганимда кун тартибига қўйилган масалаларни ўқиб, бу қарорларни депутатлар тасдиқлашини англаганимда, суюнганман.

Аммо тушундимки, баъзан “овозга қўяман” деган каломга “қаршиман”, “эътирозим бор” деёлмай қоларкансиз. Чунки ёнингизда кўтарилган “30 та қўл” бунга йўл қўймайди. Уларга қўшилиб оққанингизни билмай қоласиз. Савол берсангиз, энсақотишлар, зардали нигоҳлар таъқибида қоласиз. Чунки бошқаларнинг вақтини олаётган бўласиз (!). Сессиянинг тезроқ тугашини кутаётган айрим сафдошларингизга ёқмайсиз. Бунинг ошкора ва яширин белгилари сизга ўша заҳоти маълум бўлади.

Қанчалик даҳшат-а! Депутат сессиянинг тугашини, англанмаган масаланинг тезроқ ёпилишини кутса! Шундан кейин ҳам депутат бўлишга ҳавас қолади, дейсизми?

Очиғи, бирор ўзим тушунмаган, ишонмаган масалани тасдиқлаш сўралганда, ичимдан қиринди ўтади. Баъзан қўл кўтармай қўяман. Буям аслида виждонни овутиб қўйиш учун. Ҳарқалай, олқишламадимку, деб ўзимни юпатиш учун.

Сессияларда ўнлаб масалаларнинг икки-уч соатда кўрилиши бу алоҳида мавзу. Ҳуқуқ тартибот органлари раҳбарларининг ҳисоб бермайдиган қуруқ ҳисоботи, ахбороти ҳам «ёпиқ мавзу» бўлмаслиги керак, албатта.

Ижтимоий тармоқларда энг қуруқ, текинхўр, иккиюзламачи тоифа ҳақида гап кетса, депутатларни ҳам тилга оладиган бўлишди.

Яқинда ўзим сайланган ҳудуддан бир амаки юзимга қараб, “Сиз депутатимиз эканлигингизни энди билдим. Тез-тез келиб турсангиз бўлмайдими?” деди. Қанийди, шундай пайтда ер ёрилса, кириб кетсангиз. Яхшиям, шу атрофдаги танишимиз “Бу киши газета муҳаррири. Буларнинг иши ҳам депутатнинг ваколатларига яқин туради. Битта бизнинг ҳудуд эмас, туманнинг муаммоларини кўтариб чиқишяпти-ку” деди. Мени танимаган “сайловчим” бу жавобга қониқдими, йўқми, бу менга қоронғи. Аммо ўзимдан ўзим қониқмадим, қониқмаяпман.

Саволлар уюлиб келади. ХЎШ, ДЕПУТАТ БЎЛИБ НИМА ҚИЛДИМ? Қарға “қағ” этганда чиқарадиган депутатлик сўровим кимга керак? Бу билан нима ўзгаряпти? Журналист сифатида биз кўтарган муаммоларга келгани каби қуруқ жавоб хатлар одамларга нон-ош берадими? Яшашини яхшилайдими? Маҳаллада қанча одамни танийман? Қанча одам мени танийди? Афсуски, ўзимга берадиган саволларим тобора оғирлашиб бораверади…

Нима қилмоқ керак?

Бу тизим ўзгариши лозим. Аввало, бўлажак депутатдан “Сен шуни хоҳлайсанми? Бу ишни эплашга кўзинг етадими? Соҳага оид қонунлардан қанчалик хабардорсан?” деб сўраш керак. Депутат халқнинг ўзидан чиқсин. Том маънода одамларнинг вакили бўлсин. Лавозим, амал талаб қилиш шарт эмас. (ЁЗИЛМАГАН, АММО ҚАТТИҚ ИШЛАЙДИГАН ҚОИДАЛАРНИ НАЗАРДА ТУТЯПМАН). У қонун билан ишласин. Унинг сўровига жавоб бермайдиган, беписанд, масалага юзаки қарайдиган, “гапни айлантирадиган” ташкилот раҳбарининг жавобгарлиги кучайтирилсин. Яхши маънода депутатдан ҳайиқишни ўрганайлик. У халқнинг кўзгусига айлансин. (Депутат ойлик олсин, рағбатлантирилсин). Нега “рағбат” деяпман? Айримлар депутат бу рутба ортидан бойлик орттиряпти ёки молиявий таъминоти зўр бўлса керак, деб ўйлайди. Амалда уларнинг аксарида эшак араваям йўқ.

Иқрор бўлишдан оғири йўқ. Бу жараёнга осонликча келиб бўлмас экан. Оғир уятни ҳис этаркан, киши.
АММО ЎЗИНГДАН УЯЛИШНИ БАС ҚИЛИШ УЧУН ҲАМ ОДАМГА ИҚРОР КЕРАК.

Хуллас, депутатман дейишга ийманаман!»

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial