Pay. Iyun 27th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Жонга тегиб кетди буйдоқлик

Бугун сизнинг эътиборингизга, халқимиз, айниқса Азиза номли қизларимиз хуш кўрувчи санъат шайдоси, ҳали-ҳамон «Севгилимни қайдан излай»?- дея сарсон-саргардонликда ёрининг йўлларига кўз тикаётган хонандамиз Воҳиджон Исоқов билан эксклюзив суҳбат!

 Биз Воҳиджон Исоқов ҳаётида содир бўлган кўнгилсиз воқеадан сўнг саломатликларини билиш мақсадида савол ила юзландик. Саломатлигингиз қандай?

-Худога шукур, ҳаммаси зўр!
– Муқаддас Рамозон ойидамиз. Халқимиз учун аталган режаларингиз қандай?
-Халқим учун, янги қўшиқлар ва «клип»лар тақдим қиламан. Мана, тез кунда Ота номли янги «клип» олмоқдамиз!
-Айтингчи, санъаткорлар учун танаффус фасли борми?

-(Бироз ўйланиб) Менимча, санъаткорларнинг ижод қилиши учун ҳамма фасллар керак. Қувончларга лиммо-лим баҳор, армон бўлган муҳаббат фасли – куз. Лекин танаффус фасли бўлмаслиги керак. Зеро, бу фожеа!
-Барча муҳлисларни қизиқтирувчи битта савол: Севинч Мўминова ва Воҳиджон Исоқов турмуш қуришган, деган гаплар юрибди халқ орасида. Улар билан орангизда нима бор: меҳрми ёки муҳаббат?

(Кулиб) Фақат дуэт бор: номи «Дук-Дук» бўлди. Севинч опа мендан анча катта. Уларнинг битта ширингина қизлари бор. Мен эса севганимни тушларимда кўриб юрибман ҳануз. Халқимиз ажойиб-да, пашшадан фил ясайдиганлар ҳам бор!

Деярли кўпчилик ижод маҳсулларингиз сокин. Дилларга қандайдир сокинлик бағишлайди. Воҳиджон Исоқов илҳомни қайдан олади?
-Кўпинча ҳаётдан оламан. Уйда ёки «офис»да ёлғиз қолсам, қандайдир маҳзун тароналар устида ишлайман. Масалан, «Нималар бўлмайди йигитчиликда» қўшиғим ҳам шундай яралган. Сокин мусиқалар инсон қалбини қитиқлайди.
-Ажойиб, демак ҳаётда ота хушчақчақ инсон қиёфасида кўринган Воҳиджон Исоқов, аслида жиддий, теран нигоҳ соҳиби эканда?
-Шундай
-Санъат боғидан санъаткорларимиз гул теришяптими ёки пул?
-(Самимий кулиб) Униси ҳам, буниси ҳам. Беш қўл баробар эмас.

Қўшиқ айтиб тоймайдиган мавзуингиз?
-Албатта, севги ҳақида. Сабаби, ёшман бунинг устига бўйдоқ. Лекин ота-она ва Ватан ҳақида ҳам куйлаш орзуим.
-Санъатнинг тили бўлмайди, дейишади. Зеро, ҳар бир юрак уни ўзи таржима қилиб олади, ҳаёлида. Биласизми, яқинда битта ёш талаба қизнинг телефони жиринглаб қолди. У «гудок» ўрнига Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Оҳунжон Мадалиев ижросидаги қўшиқ эди. Атрофда кетиб бораётган айрим ёшлар у қизнинг устидан кулишарди. Бу ҳолатга нима дея оласиз?
-Раҳмат, уларни халқимизнинг жуда кўплаб санъатсевар инсонлари хуш кўради, шу қатори мен ҳам. Уларнинг ширали овозлари, бир-биридан мазмунли қўшиқларини эшитиб юраман. Сизнинг сўзларингизни эшитиб, тўғриси ўша қизга нисбатан ҳурматим ошди. Сабаби, у ёки бу салмоғи оғир қўшиқларни ёқтирар экан, аммо афсуски айрим ёшларимизнинг қулоқлари енгил-елпи қўшиқларга ўрганиб қолган. Начора…

«Келмайсан», -дея дард чекиб кутган ёрингиз ваниҳоят келдими ёки?

Ҳали тополганим йўқ. «Севгилимни қайдан излай», дея ҳамон излаб юрибман. Топсам бу йил уйланаман. Жонга тегиб кетди буйдоқлик!
-Азиза номли таронангиз Азиза исмли қизлар кўнглига хуш ёққан бўлса айримларнинг танқидларига ҳам учраб улгурди. Бунинг сабаби нимада: мусиқами ёки қўшиқ матни?
-У қўшигимизнинг менга мусиқаси ёқиб қолган. Қандайдир кайфият улашувчи. Ҳақиқат, танқидларга ҳам сабаб бўлди. Энди ҳаммага бирдай ёқиш жуда мураккаб.
-Самимий суҳбатингиз учун, кетган вақтингиз, сарфлаган «энергиянгиз» учун сизга катта ташаккур! Сиз билан яқин кунларда «Севгилимни излаб топдим» номли гўзал таронангиз яралганда яна суҳбатлашишни интизорлик билан кутиб қоламиз!
-Сизга ҳам раҳмат! Мени саволлар ёмғири билан сийлаганингиз учун! Сайтингизга зафарлар тилайман. Муҳлисларимиз бахтимизга саломат бўлишсин! Концертимда кўришгунча…
Қорақалпоғистонда мана шундай «Каr24» сайти борлиги мени жуда хурсанд қилди. Таҳририят жамоасига омад тилайман.

Зуҳра ФАЙЗУЛЛАЕВА,

«Kar24» учун махсус

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial