Pay. Iyun 27th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Келажакка беш қадам, Амударё пешқадам

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши (Ҳаракатлар стратегияси) ҳамда биз, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим бешта ташаббус…
Менинг назаримда, ушбу иккита мақсадли йўналиш парвозга шайланаётган жонажон ватанимизнинг иккита қаноти кабидир. Қанот қанчалик кенг бўлса, парвоз шунчaлик баланд бўлганидек, муҳтарам Президентимиз бошлаб берган бу каби ислоҳотлар бугун ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини кенг қамраган ҳолда, ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Жумладан, бизнинг Амударё туманимизда ҳам бу борада бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик маданиятини шакллантириш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг ижросини таъминлашга йўналтирилган 47 та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, 2000 дан ортиқ ёшлар жалб қилинди.
Шунингдек, Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва саънатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга қаратилган Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси, туман Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда Амударё қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежида ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Ватан-менинг нигоҳимда” танлови ўтказилди. Танлов рассомчилик, тикувчилик, биссер тўқиш, хунармандчилик, ўйинчоқлар ясаш йўналишлари бўйича ёш тоифаларига ажратилган ҳолда ўтказилди.
Ёшлар орасида истеъдодли ёшларни излаб топиш, янги умидли ижодкорларни кашф этиш, уларнинг ўз ижодларини намоён қилишлари учун Манғит иқтисодиёт касб-хунар коллежида иншолар, шеърият ва тасвирий санъат йўналиши бўйича “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” танлови ўтказилди.
Шунингдек, 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ёш иқтидорли рассомлар” танлови ўтказилиб, танловда 10-18 ёш тоифаси бўйича 70 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Халқ таълими бўлимига қарашли 20-сонли умумтаълим мактабида “Мусиқа, рассомчилик, адабиёт” танлови ташкил этилиб, 120 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар жалб қилинди.

Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Амударё тумани Кенгаши томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида барча таълим муассасаларида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди. Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳамда спорт иншоатлари қувватини янада оширишга қаратилган ташаббус доирасида “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури асосида туманимизнинг чекка худудларида жойлашган Кангли, Куюк кўпир, Жумур овул, Дўрман, Чойкўл ҳамда Дурунки махаллаларида сунъий қопламали футбол майдончасини қуриш учун 6 нафар ёшга ер майдонлари ажратилди.Тадбиркорлар томонидан спорт майдончаси тўлиқ ишга тушган кундан бошлаб мактаб ўқувчи ёшлари учун АКЦИЯ жорий қилиш таклифи қиритилди. АКЦИЯ мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларни жисмоний чиниқтиришга қаратилган бўлиб, ҳар куни соат 9:00 дан 16:00га қадар ўқувчи ёшлар учун бепул хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт сохасида қобилиятини намоён қилишлари учун туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими билан ҳамкорликда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида мини фудбол мусобақаси, 9 апрел куни Манғит шаҳри ва шаҳар атрофи ҳудудидаги иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар ўртасида веломарафон ўтказилди.
» Қиличбой» ОФЙ ҳудудидаги мини футбол майдончасида уюшмаган ёшлар ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди. Мусобақада «Қиличбой» ҳамда «Дўрман» овул фуқаролар йиғинлари таркибидаги махаллаларидаги уюшмаган ёшлардан 13 та жамоа иштирок этишди. Мусобақа натижасига кўра, 1-ўринни «Холимбег» ОФЙ нинг “Интер Холимбег” жамоаси, 2-ўринни «Қиличбой» ОФЙ нинг “Қиличбой сити” жамоаси, 3-ўринни «Хизир эли» МФЙ нинг “Хизр эли” жамоаси қўлга киритишди.
Халқ таълими бўлимига қарашли 16-сонли умумтаълим мактабида спортнинг шахмат, шашка тури бўйича спорт мусобақаси ташкил этилиб, жами 150 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинди. Туманидаги умумтаълим мактаблари сардорлар ўртасида мини-футбол мусобақаси ташкил этилди.
Туман хотин-қизлар қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши билан ҳамкорликда
9 май-Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият” шиори остида 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида югуруш марафони ўтказилди.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Республика ёшлар маркази Амударё тумани бўлинмасида ҳамда умумтаълим мактабларида “Компьютер саводхонлиги” тўгараклари ташкил этилган. Республика ёшлар маркази Амударё тумани бўлинмасида ташкил қилинган “Компьютер саводхонлиги” тўгарагида хозирги кунда 90 нафар, таълим муассасаларида ташкил қилинган тўгаракларда 700 нафардан ортиқ ёшлар таълим олмоқда.
Бундан ташқари, “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳисобидан кредит олиб “Компютерларга техник хизмат кўрсатиш” фаолияти бўйича ўз тадбиркорлигини бошлаган “Муҳриддин Болтобоев” ОК ҳамда “Шерали Шоҳжаҳон” ОК рахбарлари билан келишилган ҳолда “Компьютер саводхонлиги” тўгарак аъзолари олган билимларини амалиётда жорий қилиш мақсадида ҳар ҳафтада саёҳатлар ташкил қилинади.
Дарс вақтида бемақсад юрган, тунги вақтларда ота оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кузатувисиз, ёшлар тарбиясига салбий тасир этувчи сайтларга кириш, вахшийлик ва зўравонликни тарғиб этувчи ҳамда ҳаёсиз фильмларни томоша қилиш, жангарилик ва зўравонликка асосланган ўйинларга боришининг олдини олишга қаратилган рейдлар олиб борилмоқда ҳамда рейд давомида интернет клуб эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари туман Ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ҳар пайшанба “Профилактика куни” доирасида ўқувчи ёшлар билан “Ёшларни ахборот хуружидан ҳимоя қилиш”, “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва хуқуқбузарликларнинг олдини олиш” га қаратилган учрашув, давра сухбатлари ўтказилиб келинмоқда.
Тўртинчи ташаббус –Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда туман ҳокимлиги томонидан Уйшин, Чойкўл, Қиличбой ҳамда Куюк-кўпир маданият марказларида кутубхона ташкил қилинди. Янгидан ташкил қилинган кутубхоналар зарур жиҳозлар билан биргаликда ҳар бир кутубхона учун ҳомийлар ташаббуси билан йиғилган 1000 дона бадиий китоблар ҳамда велосипед кутубхонага совға қилинди.
Шу пайтгача туманимизнинг чекка худудларидаги Маданият марказига келган ёшлар мусиқа ва санъат сирларини ўрганиб, аҳоли маданий ҳордиқ чиқарган бўлса, эндиликда улар ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара бадиий асарларини мутолаа қилиб, билим ва тафаккурини, дунёқарашини янада юксалтириш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Амударё туман Кенгаши раиси М.Шерметов туман прокурорининг катта ёрдамчиси С.Узоқбергенов билан биргаликда Холимбег ОФЙ худуди ёшлари учун ташкил қилинган кутубхонага хар бири 50 дона ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара бадиий китобларини топширди. Кутубхона иш юритувчиси Тўловбаева Шохина имконияти чекланган бўлишига қарамасдан билимга интилувчан, мехнатсеварлиги учун китубхона ҳар куни ёшлар билан гавжум.
Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Халқ таълимига қарашли 14-15-19-20-27-сонли умумтаълим мактабларида китоб ярмаркалари ўтказилди.
Кенгашнинг аппарат ходимлари ва ёшлар иттифоқи етакчилари томонидан “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида ўзлари тахсил олган умумтаълим мактабларга 400 донадан ортиқ бадиий китоблар топширилди.
“Ёш китобхон” танловини барча ҳудудларда уюшмаган ёшлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказилиб келинмоқда.

Бешинчи ташаббус – Муҳтарам Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусларидан бири бўлган Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича туман Кенгаши томонидан Республика ёшлар маркази Амударё тумани бўлимида касб-ҳунарга йўналтириш бўйича пазандачилик ҳамда тикувчилик тўгараклари ташкил қилинган. Тикувчилик тўгарагида ўқитилган қизларга “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредит олиб иш бошлаган “Тамара-Феруза” ХК га йўлланма билан ишга жойлаштириш орқали хотин-қизларимизнинг бандлиги таъминланмоқда. Республика ёшлар маркази Амударё тумани бўлимида 4 ой давомида тикувчилик тўгарагида фаол иштирок этиб билим ва кўникмаларга эга бўлган 5 нафар қизларимиз
“Тамара-Феруза” ХК га ишга жойлаштирилди.
-Албатта, бу каби сай-ҳаракатлар, келажакка қўйилаётган бешта дадил қадам нафақат Амударё ёшларининг балки бутун Ўзбекистон ёшларининг турли жабҳаларда эришаётган ва келгусида эришадиган ютуқларида ўз натижасини беради. –дейди ёшлар билан ишлашиш масалалари бўйича Амударё тумани ҳокими ўринбосари Алишер Йўлдашев.
Ҳақиқатан, ҳар қандай узоғи кўзланган эзгу ғоя, ташаббус ҳеч қачон қоғозда қолиб кетмайди. Муҳими, ташаббускор қўллар ва ташаббускор кўнгиллар бўлса кифоя.

«Kar24.uz» учун махсус:

Азиза МАДРАҲИМОВА,

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial