Pay. Iyun 27th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Кутилаётган концерт қандай ўтади?

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, хушовоз хонанда Байрам Пердебаев 26,27,28-апрел кунлари ўзининг “Ата-ана” деб номланган яккахон концерт дастурини халқимизга ва санъат ихлосмандларига ҳавола қилади.
Хўш, бу концерт дастури қандай ва қай тарзда ўтади? Байрам Пердебаевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида нималарни биласиз? Шу каби саволларимизга жавоб топиш мақсадида санъаткорни суҳбатга чорладик.

-Айтингчи, Байрам Пердебаевни БАЙРАМ ПЕРДЕБАЕВ қилган ким ёки нима?
-Биринчидан ота-онам, иккинчидан халқимиз. Ва албатта истеъдод. Омад…
-Биламизки, ижодингизда бир-биридан гўзал тароналар кўп. Мана шундай, халқимиз юрагидан жой олган қўшиқларингиздан бири- “Сени жақси кўргеним ушын” қўшиғи. Ушбу қўшиғингизнинг яратилиш тарихига қисқача тўхталиб ўтсангиз.
-Бу қўшиғимизнинг яратилиши жуда қизиқ бўлган. Аслида бу қўшиқ айнан менинг учун ёзилмаган. Ижодкор дўстим Арсланбек Асқаров ўз қаламига мансуб бўлган бу қўшиқ матнини менга совға сифатида тақдим қилган. Бу қўшиқнинг сиз айтгандек, халқимиз юрагидан жой олишига сабаб, авваламбор шеърнинг яхши ёзилганлиги ҳамда бастакорнинг қўшиққа муносиб куй басталай олганлиги ва ушбу бир бутунликка овознинг ҳам уйғунлашиб кетганлигида деб биламан.
-“Ата-ана” номли қўшиғингиз учун тасвирга олинган клипнинг ўз ҳаётингизга боғлиқ жиҳатлари борми?
-Бу қўшиқ клипининг шахсий ҳаётимга боғлиқлиги йўқ. Бу қўшиқни 2014-йилда мухлисларимиз эътиборига ҳавола қилган бўлсак, дастлаб қўшиқ учун клип тасвирга олинмаган эди. Қўшиқ яратилгандан сўнг орадан икки йил ўтиб, клип режисиёри Дастан Бектурсинов ҳамда Алишер Қаллибеков бошчилигида клип қилганмиз.
-Саноқли кунлардан кейин концерт “гулдаста”нгизни халқимиз эътиборига ҳавола қиласиз. Айтингчи, айни кунларда қалбингиздан қандай туйғулар кечмоқда? Концерт олди ҳаяжонлари борми?
-Биламизки, бошқа концертларда икки-уч дақиқа қўшиқ айтиш бошқа, ўзингнинг яккахон концертингда саҳнада туриб, икки-уч соатлаб қўшиқ айтиш бошқа… Менимча бундай ҳолатда албатта барча қўшиқчиларда ҳаяжон бўлади. “Қўшиқларимни мухлисларим қандай қарши олади?”, “концерт қай тарзда бўлади?” бу каби саволлар бўлиши табиий. Шу билан биргаликда, қўшиқчи учун энг адолатли тарози бу- халқ. Концертга тўхталадиган бўлсак, тайёргарликлар яхши кетаяпти. Концерт дастури мухлисларимиз кўнглидан жой олади, деган ниятдамиз.
-Кимни устоз сифатида тан оласиз?
-Менинг ижоддаги биринчи устозим бу Хожагелди Генжемурадов. Биз бу инсон билан биргаликда тўйларга чиққанмиз, ва шу билан бир қаторда мен қўшиқчиликнинг барча сир-асрорларини ўша инсондан, устозимдан ўрганганман.
-Байрам оға биласизми, ҳаётда шундай вазиятлар ҳам бўладики, ниманидир танлашга ёки нимадандир воз кечишга тўғри келади. Агарда, сизнинг ижодингиз билан боғлиқ шундай ҳолат бўлиб қолса, қандай йўл тутасиз? Таваккал қилармидингиз ёки санъатни тарк этган бўлардингизми?
-Қийинчилик албатта ҳаммада бўлади. Ҳаётда учраб турадиган арзимаган қийинчиликка бардош беролмай, қўшиқчиликни ташлаб
кетиш бу нотўғри. Пешонага ёзилган касб билан инсон қабргача бирга бориши керак, деб ўйлайман.
-Мухлисларингизга навбатдаги концертингиз орқали нима берасиз ва улардан нима кутаяпсиз?
-Мухлисларимиздан албатта қўллаб-қувватлашларини кутамиз! Мухлислар учун концерт дастуридан ўрин олган янги тароналаримиз жуда кўп. Олдинги қўшиқларимиздан фақатгина тўртта қўшиқ айтилади, қолган ҳаммаси янги ижод намуналари.
-Концертингиз фақатгина қўшиқлар билан чекланадими?…
-Қорақалпоқ халқи кулгусевар халқ. Шу сабабли концертимизга театр актёрлари, “Баха-ха” шоуси йигитларини таклиф қилганмиз, улар ўзларининг ҳазиллари билан қатнашади.
-Санъаткор дўстларингиздан кимларни таклиф қилгансиз?
-Ҳали бу ҳақида бир қарорга келмадик. Келинг, буёғи мухлисларимиз учун совға бўлақолсин.
-Самимий суҳбат учун сизга катта раҳмат! Келгусидаги ишларингизга омад. Ва навбатдаги концерт дастурингизнинг гўзал ва мазмунли ўтишига тилакдошмиз!

Суҳбатдош: Муборак МАМУТОВА

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial