Pay. Iyun 27th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Мактаб битирувчиларига МАКТУБ


ОЛАМДА БИР ИШ ҚИЛ, ЛЕКИН МУКАММАЛ…

Кунлар, дақиқалар, лаҳзалар хотираларга муҳрланиб бораверади. Биз яхши кўрган Марк Твеннинг “Том Сойернинг саргузаштлари” ҳам, Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”и ҳам адиблар болалик саргузаштларининг бир қисми экани сир эмас. “Сеҳрли қалпоқча” ҳам Худойберди Тўхтабоевнинг ёшлик хотиралари ифодаси. Гарчи 90 ёшни қоралаётган бўлса-да, атоқли ёзувчини болалик ёди асло тарк этмаган.
Кун келиб сиз ҳам ортга қараганда ширин дамлар сасини дилдан туясиз. Ўтган кунлар, ҳисобсиз лаҳзалар сабоғи учун бош эгасиз. Ўтган асрнинг энг буюк адиблари сирасида ёдга олинадиган Чингиз Айтматов ўзининг шон-шуҳрати учун болалик хотираларидан қанчалик қарздор эканини эътироф қилганидек, сиз ҳам ўзингиз сабоқ олган илм даргоҳидан қарздорлигингизни англайсиз. 
Мана, бугун янги ўқув даргоҳи остонасида турибсиз, яна бир босқич пиллапояларидан одимлашга шайсиз. Кўнгил ва ақл муроса учун йўл қидиради. Қалб туйғулари хомуш тортса, ақл келажакка йўл излайди, саодатли кунлар учун курашга чорлайди.

Бу юрт, бу мамлакатда сиз ёшлар учун ҳамма шароитларни муҳайё қилинган. Ўқишга, изланишга, ҳеч кимдан кам бўлмай таълим олишга имконият яратиб берилган. Бугун сиз Ўзбекистоннинг комил ўғил-қизи бўлиб улғайдингиз. Ёшсиз, ақлингиз бутун, кўнглингиз тўқ, йўлингиз ойдин. Орзуларингиз осмон қадар кенг. Ҳар бир ўтаётган кундан нимадир олиш, нимадир ўрганиш истагидасиз.
Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш.
Навоий бобомиз бу сатрларни ёзганида ҳали жуда ёш эди. Аммо ушбу мисралар Лутфийдек моликул каломнинг таҳсинига сазовор бўлган. 
Тўғри, эзгу ишларга бел боғлаган ёшлар фақат шеър ёзишлари ёки жуда ёшлигида “Мантиқ ут-тайр”дек мураккаб китобларни ёд олишлари шарт эмасдир. Аммо ўз қизиқиш, интилишлари билан қанчадан-қанча ихтиролар қилиб, кўпчиликнинг олқишини олаётган ёшлар, тенгдошлар орамизда озми?…

Эл-юртга шоирлар керак. Бугун шу Ватан равнақига камарбаста ўқитувчи-мураббийлар, муҳандислар, шифокорлар, учувчилар, қурувчилар зарур. Сиз эзгу мақсад йўлига чоғланяпсизми, ҳеч иккиланманг, ўқиб-изланишдан чарчаманг. Эртага, шубҳасиз, одамларга нафи тегадиган иқтисодчи, меъмор ёки эл таниган олим бўласиз. Сизни тарбиялаган, камолотга етказган халқ учун, мамлакат учун бундан улуғ бахт борми!?
Ҳозирча ниятни яхши қилинг. Ахир, улуғвор ишларни уддалаш, аввало, яхши ният, эзгу мақсадлардан бошланади. Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди…

Боболаримиз айтганидек, “Оламда бир иш қил, лекин мукаммал…”.
Истеъдодли шоир Чори Авазнинг даъваткор ушбу мисраларини ёдингда тут:
Эй сен юксакларга кўзини тикиб,Умидлар ортидан борётган одам, Шуни унутмаки, ҳар бир сўқмоқда,Сенга ҳамроҳ бўлиб кетяпман мен ҳам.Чарчасанг қувватман, чанқасанг Узоқдан милтиллаб тургувчи булоқУл қутлуғ манзилга етиб олмоғинг Дўстим сендан кўра, менга муҳимроқ.
Аслиддин Суюнов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial