Chor. Iyun 19th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Қорақалпоқ давлат университетига ҳужжатларни ДХМ қабул қилмайдими?

Қорақалпоғистондаги ОТМларга кириш учун ҳужжатлар топширишдаги талаблар бўйича кўплаб тушунмовчиликлар келиб чиқаяпти. Ким, қаерга ҳужжат топширишни ҳалиям билмайди. Кўпчилик яна ОТМнинг ўзига бориб, баъзилар ДХМнинг эшигини тақиллатиб «санғиб» юрибди.
Хўш, ўзи қайси ОТМларга давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топшириш мумкин?

Давлат қабул комиссиясининг қарорига кўра, Нукусда фақат Қорақалпоқ давлат университети учун ҳужжатлар ДХМнинг шаҳар ва туман бўлимлари орқали қабул қилиниши белгиланди. Демак Қорақалпоғистондаги бошқа ОТМлар учун ҳужжатлар университет, институтларнинг ўзида қабул этилади. Шу ўринда яна савол пайдо бўлади: Давлат хизматлари маркази ушбу жиддий тадбирга қанчалик тайёр? Кўп ваколатларнинг уларга ўтказилиши туфайли қорақалпоқча «баса бас» бўлиб кетган ДХМдан энди одамлар «бир ойда эмас, уч ойда чиқмайдими»? Нукусдаги ДХМ биноси 9-қаватли иморатнинг пастида қўним топганлигини инобатга олсак, торгина жойга абитуриентларнинг сиғиши амри маҳол. Жой торлик қилса, кўнгил кенг бўлганидан не наф? Ахир бундай жиддий қабул масаласида ҳазиллашиб ёки бағрикенглик қилиб ҳам бўлмайди. Демак бир нарса аниқки, ҳамма «отлан-чоп»га тушади.
Биринчи йил эксперемент сифатида ўтказилаётган қабулга жавоб бериш учун ДХМ реформа қилиши керак, кенг жойда, бинода ўтириши шарт, назаримизда. Сабаби, хизмат кўрсатиш ва хизмат турлари ҳаддан ташқари кўпаймоқда.
Сайтнинг ишончли манбаси хабарига кўра, эксперемент деб танланган ҚДУга топшириладиган ҳужжатлар ОТМнинг ўзида олиниши режалаштирилган. Яъни ДХМнинг базаси қабул талабларига ҳали тўла жавоб бермаслиги туфайли шу қарорга келинган.
Айни пайтда КДУда қабулга тараддуд жараёни авжида. Энди ҳужжатларни ДХМ ходимлари университетга келиб оладими ёки ўқитувчиларми?, деган савол туғиляпти бизда. Унда эксперементга нима бўлади? ДХМ масъуллари ва Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан «Kar24.uz» боғланиб, вазиятга, албатда ойдинлик киритишга ҳаракат қилади. Бизни кузатишни давом этинг.

Social media & sharing icons powered by UltimatelySocial