Журналистик суриштирувИнтервьюМақолаларПост хабарФотофактЯнгиликлар

Тўрткўлда фуқаро ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгач, комага тушиб вафот этди. Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида истиқомат қилган фуқаро Ички ишлар органи ходимлари олиб кетганидан сўнг сирли равишда комага тушгани ва орадан 13 кун ўтиб, вафот этганига оид хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати Тўрткўлда ростан ҳам шундай ҳолат юз берганини тасдиқлади, деб хабар беради «Xabar.uz».

Маълумотларга кўра, 27 июль куни соат тахминан 07:40 ларда Тўрткўл туманида яшаган И.С. бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, мия комаси ташхиси билан ҳушсиз ҳолатда туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, бемор 11 август куни (ўзига келмасдан) вафот этган.

Дастлабки маълумотларга қараганда И.С. касалхонага олиб келинишидан бир кун аввал — 26 июль куни соат тахминан 16:00 ларда маст ҳолатда ўз уйида турмуш ўртоғи Ч.Х. билан жанжал қилган. Жанжал хабари профилактика инспекторига етиб боргач, икки нафар ИИБ ходими И.С.ни Spark’да таянч пунктига олиб келган. Ўша жойда И.С.нинг мазаси қочган ва ИИБ ходимлари бу ҳақда унинг турмуш ўртоғига маълум қилган. Аёл келиб, турмуш ўртоғини (бу пайтда у ҳушида бўлмаган) уйига олиб кетган. И.С. эртаси куни ҳам ўзига келмагач, у туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Таъкидланишича, ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилган. Гуруҳ айни пайтда Тўрткўлда бўлиб, воқеликка оид барча ҳолатларни (биринчи навбатда ИИБ ходимлари марҳумга жароҳат етказган-етказмаганини) синчковлик билан ўрганмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинган.

Дарё

You may also like

Comments are closed.