Журналистик суриштирувИнтервьюМақолаларПост хабарФотофактЯнгиликлар

Пленум якунланди: партия фаолияти таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгиланди

Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг навбатдаги Пленуми “ZOOM” видео дастури орқали онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова, партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари, шаҳар ва туман партия ташкилотлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари аъзолари, Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган “Ёшлар парламенти” аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Пленумда партия Сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижроси, партия дастурий мақсад ва вазифаларини руёбга чиқариш, олдимизда турган муҳим вазифалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунга келиб, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 638та, партия аъзолари сони эса 21 мингдан ошди. Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан жами 370 та депутатлик сўрови амалга оширилди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 20 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланди. Доимий комиссияларга 15 та масала олиб чиқилган бўлса, маҳаллий Кенгашлар сессияларига 6 та ташаббус олиб чиқилди.

Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, вақтинча ишсиз хотин-қизларга қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатиш учун “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида ўтган 6 ой давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 36 та бепул ўқув курслари ташкил қилинди. Ўқув курсларида 170 га яқин уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларга қўшимча бепул таълим ва касб ҳунар ўргатилди. Ушбу бепул курслари иккинчи ярим йилликда ҳам ташкил қилиниши белгилаб олинди.

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида жами 800 дан зиёд хонадонларга ташриф буюрилди. Лойиҳа натижасида 70 дан зиёд ёшлар ва хотин-қизлар ишга жойлаштирилди, Шунингдек бир қанча ёшлар ва хотин-қизларга имтиёзли кредит олинишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Наврўз байрами муносабати билан республика миқёсида ҳашарлар ташкил этилди. Жумладан, Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жоме масжиди атрофини ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, масжид ҳудудида «Миллий тикланиш» партияси боғи ташкил қилинди.

«Саховат ва кўмак» ташаббуси доирасида Жўқорғи Кенгес ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, партия фаоллари томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизга 451 млн сумдан ортиқ хайрия ишлари қилинди. Шунингдек, Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат ҳамда Сирдарё вилояти “Сардоба” сув омборидаги талофатдан жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия Қўмитаси девони хоимдари штатига баъзи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, партия фаолиятини тарғибот-ташвиқот қилиш ишларини кучайтириш мақсадида партия ҚР Кенгаши раиси ва шаҳар, туман Кенгашлари раисларининг Ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ҳамда депутатларнинг сайловчилари билан алоқаларини кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда ёрдамчилари – етакчи мутахассис лавозимлари жорий қилинди.
Пленумда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова сўзга чиқиб, партия ҚР Кенгаши фаолиятидаги ютуқлар ва камчиликларга тўхталиб, галдаги вазифалар тўғрисида ўз тавсияларини берди.

Пленум якунида партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг амалга ошириладиган устувор вазифаларини бажариш бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мырзахмет Тажимуратов,
ЎзМТДП ҚР Кенгаши матбуот котиби

You may also like

Comments are closed.