Журналистик суриштирувИнтервьюМақолаларПост хабарФотофактЯнгиликлар

“Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида онлайн тарғибот лойиҳаси ўтказилди


Энг улуғ саодат, бу — ҳурриятдир! Она диёримизнинг озодликка эришганига, жаҳон майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаганига бу йил 29 йил тўлди. Юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, ватандошларимизнинг кўнглида, кўзида мана шу улуғ неъмат — мустақилликнинг ёрқин шукуҳини, бугунги дориломон кунларнинг шукронасини кўрасиз. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида астойдил меҳнат қилаётган, туну кун заҳмат чекаётган юртдошларимизнинг орзу-умидларини ўзида ифода этган энг улуғ, энг азиз байрам — истиқлол шодиёнасининг ажиб таровати бугунги мураккаб, оғир синовли бир даврда кўзларга қувонч, юракка мадор бўлаётир.

Юртимизда ҳукм сураётган пандемия бизни янгича яшашга, ишлашга, шароитга мослашиб мақсад сари ҳаракат қилишга ўргатди. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида янги онлайн тарғибот лойиҳасининг илк тақдимоти Хоразм ва Тошкент вилояти аҳолиси билан ўтказилганди.

Мазкур лойиҳанинг галдаги онлайн тарғибот манзили Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро вилояти этиб белгиланди. Онлайн лойиҳа доирасида бугун ушбу икки ҳудуд аҳолиси вакилларининг таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари билан онлайн учрашуви ўтказилди.
Тадбирда ўтган тўрт йил давомида иқтисодий-сиёсий, ижтимоий, илмий-ижодий соҳаларда забт этилган марралар, саноат, таълим-тарбия, тиббиёт ва санъат, спорт ва бошқа кўплаб жабҳаларда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гап борди.

Аҳолининг турмуш тарзи, яшаш шароити яхшиланиб, қишлоқлар обод, чўллар боғу бўстонга айланаётгани шу азиз Ватанда яшаётган ҳар бир инсоннинг дилида фахр-ифтихор уйғотади. Ана шу ўзгаришлар, янгилинишлар қаторида маънавий-маърифий соҳада ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилгани маънавий-маърифий ислоҳотларнинг амалдаги кўриниши, дейиш мумкин.

Ушбу хиёбонни ғоявий-бадиий жиҳатдан бойитиш учун Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Ғафур Ғулом, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Александр Файнберг сингари миллий адабиётимизнинг атоқли намояндалари хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ҳам яратилди. Мухтасар айтганда, ҳазрат Навоийнинг зиёратгоҳи атрофида 20дан ортиқ шоир ва адибларнинг ҳайкаллари жойлаштирилди. Бугун Ўзбекистонда юз бераётган янгиланишлар хусусида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани тилга олаётганининг ўзиёқ айни ислоҳотларнинг илк самарасидир.
Бу каби ўзгаришлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида юз бераётганини пойтахтда бўлаётган янгиланишларнинг ҳудудлардаги акс-садосига менгзаш мумкин. Ўтган 4 йил ичида мазкур ҳудудлар аҳолисининг турмуш даражаси сезиларли ўсиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларда барқарор ўсиш суръатларига эришилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 1,4 баробарга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 баробарга ошган. Сўнгги йилларда эътирофга муносиб бунёдкорлик ишлари ҳам жадал давом этмоқда.

Жумладан, Нукус халқаро аэропортида 70,5 млрд. сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ибрайим Юсупов номидаги ижод мактаби фойдаланишга топширилди. «Имом Эшон Муҳаммад» жомеъ масжиди тубдан реконструкция қилинди. Нукус шаҳрининг М.Жуманазаров кўчасида “Спорт мажмуаси”си спортсеварлар ихтиёрига берилди. «Мурувват» аёллар интернат-уйи янгидан қуриб, ишга туширилди. И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг иккинчи янги биноси бунёд этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ёш томошабинлар театри реконструкция қилинди, Орол бўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга “Имкон” мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг янги биноси қурилди. Нукус шаҳрида “Президент мактаби” қуриб битказилди.

Қорақалпоғистон ва Бухорода амалга оширилган ишлар кўламини денгизни узоқдан кўришдан унинг тубига йўл олишга менгзаш мумкин. Уммонни нигоҳлар чамалаб турарди, бироқ унинг қаърида қандай синоат борлигини ҳамма ҳам билавермасди. Орол фожеаси юзасидан турли мулоҳазалар ўн йиллар давомида жамоатчиликнинг қулоғини батанг қилган эди. Лекин чинакамига амалий ишлар кейинги уч-тўрт йилда бошланди.

Дунё тамаддунининг жавоҳирларидан бирига айланган Бухоро кейинги уч-тўрт йил ичида асрларни қаритган тарихида бундай ўзгаришларни кўрмаган эди. Дунёда шариф шаҳар дея эътироф этилган Бухоро фақат қадимийлиги билан эмас, қадриятларининг бетимсоллиги ва сирлилиги билан ҳаммани ҳайратга солади. Айниқса, Қоракўл туманидаги “Ёшлар” истирохат боғи, Бухоро шаҳридаги “Президент мактаби”, қолаверса “Китоб олами” мажмуаси каби маънавият ва маърифат улашувчи масканларнинг замон талабларига монанд бунёд этилганини кўрган юртдошимизнинг кўнгли ифтихорга тўлади. Бухоро туманидаги “Маданият” ҳамда Жондор туманидаги “Охших” маҳаллаларида спорт компексларининг фойдаланишга топширилгани ёш авлоднинг баркамол улғайишига хизмат қилмоқда. Ёшлар ихтиёрига берилган IT паркда ҳам ўғил-қизлар ўз билимларини ошириб бормоқда.
Ҳозирги мураккаб ва синовли даврда халқимиз ҳамжиҳатликни, меҳр-оқибатни маҳкам тутган ҳолда мамлакат ривожи учун курашга чоғлангани, давлат ва халқ ўртасида ўзига хос якдиллик вужудга келгани қувонарли жиҳатлардан биридир. Бухородаги бунёдкорлик ишлари хусусида гап кетганда бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.

Мухтасар айтганда, юртимизнинг барча гўшаларида Мустақиллигимизнинг 29 йиллик тантаналарига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг бошини бириктириб, элимизнинг энг азиз шодиёнаси бўлмиш — Мустақиллик байрамини ҳар бир ҳудуд кесимида кенг нишонлаш учун янги лойиҳалар, онлайн семинарлар ўтказмоқда. Бугунги тадбир ҳам ана шу ҳаракатнинг натижасидир.

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти ахборот хизмати

You may also like

Comments are closed.