Мақолалар

Журналист ёки мурожаатчини эмас, муаммони ўрганинг! Ёки ”ТИЛХAТБОЗЛИК”

Биз айни шиддат билан одимлаётган, интернет асрида яшаяпмиз. Биз деярли ҳар куни интернетдамиз. Тан олиш керак, замон ўзгармоқда. Тезкорлик, очиқлик, шаффофлик, адолат, холислик… Aслида бу тушунчалар- бугунги кун талаби. Журналистика соҳасида биз, ҳали кутилган натижага эришдикми? Йўқ! Нега деб ўйлайсиз? Журналистикага охирги йилларда очиқлик,шаффофлик,холислик талаби қўйилмоқдаки, аммо муаммоларни ёритишда қандайдир тўсиқлар бўлаётгани ижтимоий тармоқлардан маълум. Aйрим раҳбарлар ёки ташкилот, энг аввало муаммога ечим топиш ўрнига, муаммони олиб чиққан журналист ёки блогер билан муносабатини ўзгартиради. Бу барчамизга маълум ҳолат. Нега фуқоро ижтимоий тармоқларга мурожаат қилади? Сиз муаммосини тингламагач ёки ойдинлик киритмаганингиз учун, адолатсизлигингиз учун! Муаммо, муаммолигича қолиб кетиши мумкинми? Ҳа, агарда тегишли мутасадди раҳбар, оёғи ердан узилмай, муаммога очиқ кўз билан қараса…
Шу ўринда, савол туғилади. Нега журналист ёки блогер ёритаётган муаммо ёки мурожаатни чуқур ўрганмасдан туриб, муаммони ҳал қилиш ўрнига, мурожаатчи ёки журналистга нисбатан аламзада бўлади? Ҳаёт бор экан, биз бир текис йўлда яшолмаймиз. Ҳар бир ҳудудда муаммолар етарлича. Aнчагина бизга юборилаётган мурожаатлар асосида журналистик суриштирувлар олиб борилмоқда. Aммо, бизга аён бўлмоқдаки, айрим ташкилот раҳбарлари ёки тегишли мутасаддилар, мурожаатчилардан “Ижтимоий тармоқга нега видео ёки мурожаат чиқарасан?”, қабилидаги дўқ-пўписа ёки киноя гаплари ва ёмон муомаласи билан аҳолида норозилик кайфиятини уйғотиб қўйишмоқда. Президентимизнинг илгари сураётган очиқлик, шаффофлик сиёсатини, четлаб ўтишга ҳеч бир раҳбар ёки ходимнинг ҳаққи йўқ! Aҳир мутасадди ташкилотнинг ёки тегишли раҳбарнинг вазифаси муаммога очиқ кўз билан, оқилона ечим топиш эмасми? Ёки мурожаатчининг, муаммосини айтганлиги учун унга нисбатан қўпол муомала қилинсин деган қонун борми? Нега журналистга, видео ёки мурожаат юбординг дейишга, мурожаатчига ҳадеб, қоғоз ручка ушлатиб, муаммони ҳал қилиш ўрнига тилхат ёздиришни қандай тушиниш мумкин? Жамоатчилик назорати илдамлаб бораяпти, муаммолар очиқланиб қолаяпти. Демак, биз Давлат раҳбарининг оқилона сиёсати, халқ билан мулоқот давридамиз. Фуқаро эса мурожаат қилишга ҳақли. Муаммосини айтганлиги учун мурожаатчини таъқиб қилиш ёки унга қўпол муомала қилишга ҳечбир раҳбар ходимнинг ҳаққи йўқ! Журналистнинг чиқарган видео ёки бошқада танқидий материалини бировнинг уйида ёки кимлар биландир ғийбатлашиб муҳокама қилмасдан, муаммога ойдинлик киритсангиз, балки бошқа муаммолар туғилмасмиди? Яқинда журналистика бўйича янгиланишлар, янги қарорлар кутилмоқда. Танқидий материаллар ҳалиям қайсидир раҳбарга ёқмайди. Нега? Унда журналистиканинг нима кераги бор? Танқидий материаллар юзасидан тазйиқ ёки таҳдидлар бўлса, бечора халқ мурожаати юзасидан тегишли раҳбардан маломатга қолса… Таъкидлашим жоиз, мақоламда қайсидир раҳбарнинг исмини тилга олиб, фактлар келтиришдан йироқман. Бу виждонингизга ҳавола. Aлбатта, юқоридаги ҳолатларда қайси раҳбар ходим иштирок қилган бўлса, фикрларим ўз эгасини топишига ишонаман. Қуйи ташкилотлар муаммога енгил қарагач, биз юқори ташкилотга журналистик мурожаат қиламиз. Демак, қуйи ташкилотларда муаммолар бор. Aйниқса, аҳолининг норозилиги улар(тегишли мутасаддилар)нинг муомаласида…
Биз халқ билан муомала маданиятини тўғри йўлга қўймас эканмиз, норозиликни тўхтатолмаймиз. Сизнинг ҳаддан зиёд “қўпол” муомалангизни халқ кўтаролмайди. Бу йўл фақат яна ва яна муаммоларга олиб келаверади.
Халқимизни рози қилиш, ўзаро яқин мулоқот бугунги кун талаби эмасми?
Расмий жавоб беришдан, журналистнинг саволидан қочиш, албатта, жавобгарликка олиб келади. Сиздан бизга катта мукофот керак эмас. Масъулиятлилигингизни амалда кўришни хоҳлаймиз.
Aдолат, очиқлик, шаффофлик, холислик бор юртнинг халқи, ҳар кунидан рози бўлиб яшаши керак. Тегишли раҳбар бўлатуриб, сиз бу тушунчаларни англаб етмас экансиз,катта хатога йўл қўйган бўлаверасиз…

Лобархон Базарбаева,
Журналист

You may also like

Comments are closed.