Мақолалар

МИБ: ижро ҳаракатларини бажармаслик банкка қимматга тушди

Мажбурий ижро бюроси Чимбой тумани бўлими иш юритувидаги Чимбой туманлараро иқтисодий суди томонидан чиқарилган, жами 9 та ижро хужжатларига асосан, тумандаги йирик корхоналарининг биридан Чимбой тумани давлат солиқ инспекцияси фойдасига 10 млрд. 06 млн. 324,3 минг сўм солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган кундан тегишли тартибда ижро ҳаракатлари олиб борилган ва навбати билан қарздор жамиятнинг АТБ “Агро банк” Чимбой филиалидаги жойлашган ҳисоб-рақамларига 9 та инкассо топшириқномаси қўйилган.
Бироз муддат ўтгач, ушбу инкассо топшириқномаларининг ижроси таъминланиши ўрганилганида, банк мутасаддилари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар бир қанча марта бузилганлиги аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқаруви, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қумитасининг 12.12.2011 йилдаги қарори билан тасдиқланган “Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб варақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида” ги 2342-сонли йўриқноманинг 5-банди б-кичик бандида хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисоб варағи очилган банкда
2-сон картотека мавжуд бўлган холларда, биринчи ва иккинчи навбатда ундирувлар кетма-кетлиги амалга оширилиши аниқ қилиб кўрсатилган бўлса-да, банк мутасаддилари томонидан ушбу талаблар тизимли равишда бузилиб келинган.
Жумладан, қарздор корхонанинг асосий ҳисоб рақамига келиб тушган пул маблағларни инкассо топшириқномасига асосан Бюронинг депозит ҳисоб-рақамига юбориш ўрнига, банк мутасаддилари 49 та ҳолатда 39 млн. 451,9 минг сўм миқдорида банк комиссион тўловлари учун, 133 та ҳолатда 327 млн. 617,1 минг сўм корхона эҳтиёжлари учун ва 2 та холатда 66 млн. 978,9 минг сўм пул маблағларини мазкур қарздор корхонанинг «Агробанк» АТБ Чимбой филиали олдидаги кредит қарздорлиги учун ўтказганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг
81-моддасида “ижро ҳужжати топширилган банк ёки бошқа кредит ташкилоти, пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун, уларга иқтисодий суд томонидан ундирилиши лозим бўлган сумманинг эллик фоизигача миқдорда жарима солинади”деб кўрсатилган.
Шу боис, ушбу холат Бюронинг туман бўлими томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилиб, Чимбой туманлараро иқтисодий судига ўтказилди ва суд қарорига асосан Мажбурий ижро бюроси Чимбой тумани бўлими фойдасига Ўзбекистон Республикаси АТБ «Агробанк» банкига 50 млн. 031,6 минг сўм молиявий жарима қўлланилди.

You may also like

Comments are closed.