Мақолалар

Қорақалпоғистонда яна 404 ёхуд «бу линк мавжуд эмас» – журналист каналига нуқта қўйилдими?

Хабарингиз бор, бундан бир неча ой олдин Қорақалпоғистонда журналистларни тунги пайт олиб кетилгани хақида нафақат каналлар ва сайтлар балки ер юзидаги кўпгина жойларда бонг урганини яхши биламиз. Энди эса шу каби ҳолатга яқин воқеалар содир бўлмоқда.

Ёш журналист Лобархон Базарбаева ўзининг 22 мартда очилган @Beruniy_XABAR24 каналидаги фаолиятини тўхтатди. Блогер март ойидан бошлаб ёритилган каналидаги барча постларни ўчириб ташлаган. У 22 мартдан бошлаб 8 ой ичида 400 дан ортиқ мурожаатларни ёритган ва 100 дан зиёд танқидий-таҳлилий материаллар ёзган. Журналист канални тугатар экан, у ўз каналида шундай сўзлар қолдирди: «Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо, синмайди».

Маълумот учун, журналист Лобархон Базарбаева @Beruniy_XABAR24 канали учун «Энг улуғ, энг азиз» танловида Қорақалпоғистон миқёсида диплом билан тақдирланганди. Шунингдек, Беруний туманидаги «Халқ минбари» газетаси махсус мухбири, “Еркин Қарақалпақстан“ газетаси жамоатчи мухбири, Kar24.uz нинг тумандаги мухбири ҳисобланади. Унинг ўткир қаламидан чиққан мақолалари Республика газеталарида кўплаб нашр қилинади.

Биз бу бўйича Лобархон билан гаплашдик ва нима сабабдан каналини ўчирганини сўрадик.
-Мен ўз ишимдан оила аъзоларимни яхши кўраман, агар уларга бирор нарса бўлса чидаб туролмайман. Шу сабабдан мана шу қарорга келдим.

“Қанча кўп очиқлик бўлса, оммавий ахборот воситалари одамларимизга хақиқий муаммоларни қанча кўп етказса, мен раҳбар сифатида улардан миннатдор бўламан“ деган эди юртбошимиз Шавкат Мирзиёев.

Лекин афсуски кўпчилик раҳбарлар бундай ўйлашмайди. Лобархон ўз ишини давом этишини айтди, лекин мухбир сифатида. Ҳамкасбимизга ишларига омад тилаб қоламиз.

Акмал Сражатдинов
Kar24.uz сайти бош мухаррир ўринбосари

You may also like

Comments are closed.