Мақолалар

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти куч тузилмалари ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди


“Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради”. – Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси.
Дарвоқе, бугун глобаллашув давом этаётган бир даврда миллий хавфсизликни таъминлаш, чегараларимиз сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги ва халқимиз осойишталигини кўз қорачиғидек асраш – Қуролли Кучлар куч тузилмалари ўртасида узвий ҳамкорликни таъминлаш ҳамда зарур ҳолларда биргаликда ҳаракат қилишни тақозо этади.
Нукус шаҳрида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги бошчилигида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг куч тузилмалари иштирокида ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган ўқув-услубий йиғин ўтказилди.
Йиғинда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисм ва муассасалар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Божхона хизмати масъул офицерлари иштирок этди.
Ўқув-услубий йиғин давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, давлат чегара сарҳадларини кучайтириш давомида хизмат ўташнинг ўзига хослиги, турли вазиятларда ўзаро алоқа алмашинуви, бошқарув ва ҳамкорликни таъминлаш бўйича маърузалар тингланди. Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов иштирок этди.
Машғулот давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жавобгарлик ҳудудида вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятда ҳарбий округ бошқарув органлари, ҳарбий қисм ва бўлинмалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти куч тузилмалари ўртасида ҳамкорликни ташкиллаштириш бўйича яна бир карра аниқликлар киритилиб, ҳар томонлама ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди. Барча Қуролли Кучлар тузилмалари вакилларининг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.
Ўқув-услубий йиғиннинг иккинчи қисмида ҳарбий округ ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари билан бошқарувни ташкиллаштириш ва бўлинмаларнинг чегара ҳудудларини кучайтириш бўйича ҳаракатлари, шунингдек бошқарувни таъминлаш бўйича қўлланиладиган замонавий алоқа воситалари ва мажмуалар кўргазмали тарзда намойиш этилди. Шундан сўнг иштирокчилар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан қўшинлар бошқаруви ва назорати амалга ошириладиган бошқарув пункти фаолияти билан яқиндан танишишди.
Тадбир якунида ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан иштирокчиларга ташаккурномалар билдирилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.