Янгиликлар

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БЕРУНИЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ 14 – СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

БЕРУНИЙДА 4 СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ ДЕПУТАТЛАР ОЛДИДА ҲИСОБОТ БЕРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан 2020 йил 16 октябрь куни видеоселектор йиғилиши ўтказилганидан кўпчилик хабардор. Мазкур йиғилишда озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири эканлигига, буни таъминлаш мақсадида сўнгги 3 йилда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 28 триллион сўм кредит маблағлари ажратилгани, биргина чорвачилик йўналишида 11 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилгани, бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилингани қайд этилди. Аммо шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошганлиги, дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортгани, шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, юртимизда 23 фоизга қимматлаганига урғу берилди.
Халқ депутатлари Беруний туман Кенгашининг бугун бўлиб ўтган 14-сессиясида ҳам мана шу масала атрофлича кўриб чиқилди. Сессияда муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 16 октябрь кунги видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Беруний тумани ички бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масаласи атрофлича кўрилди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Тажиев Баходир Садуллаевич, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари – Абдримов Зафар Атаназарович, Ибрагимова Зухра Аметовналар, тумандан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси ЖК депутатлари, туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, тумандаги тегишли ташкилотлар раҳбарлари ОФЙ, МФЙ раислари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Сессияни Халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши раиси А. Сапарбаев очди ва бошқариб борди.
Сессия кун тартибидаги асосий масала юзасидан туман ҳокимининг 1-ўринбосари Ф. Примов, яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар ва нарх-наво бўйича, халқни куз-қиш мавсумида пандемия шароитида хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан тизимли тарзда таъминлаш бўйича қилинган ишлар ва олддаги вазифалар бўйича 4 та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ўз навбатида сектор раҳбарлари ўз чиқишларида ҳудудимиз аҳолисининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китобларни тақдим этишди. Эндиликда Берунийда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғарма ташкил этилиши, тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўйиш белгиланди. Шу билан биргаликда ҳар бир сектор ҳудудида арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркаларини ташкил қилиш, “даладан дастурхонгача” тамойили асосида иш юритиш бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш масалалари депутатларнинг чиқишларида асосий мавзу бўлди.
Сессия ишида бошқада масалалар депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, тегишлича қарорлар қабул қилинди.

Бу ҳақда бизга журналист Лола ХЎЖАНИЁЗОВА хабар бермоқда.

You may also like

Comments are closed.