Мақолалар

«Интернет керак, электр токи керак. Ёки носозликларга қачон барҳам берилади?»

«Қадимда «шам» ёқиб, дарс қилганмиз, китоб ўқиганмиз», дейди оталаримиз, момоларимиз.
Aммо, тан олиб айтиш керак, чин ҳақиқат ҳозирги замонавий технологиялар, интернет асрида аввалгидек «шам» ёқиб яшаш кулгули. Пандемия сабабли, апрел ойидан интернет орқали онлайн ўқиш бошланиб кетди. Олий ўқув юрти талабалари, мактаб ўқувчилари, барча Халқаро ва юртимизда бўлаётган семинар, конференсиялар, йиғилишлар «Youtube» ва «ZOOM» иловаси орқали онлайн олиб борилмоқда. Хўш, муаммо нима? Муаммо аслида электр токи. Талабага энди онлайн дарс ёки онлайн семинар, конференсия бошланди дегунча, уйда ёки ишхонада «свет» ўчади. Биласизки, кўп онлайн дарслар кун бўйи ёки кечқурунлари интернет орқали онлайн бўлади. Бу вақтда ток ўчиб қолса, «шўринг қурийди». Хўп, талаба олийгоҳда дарс қолдирса, «НБ» қўйиларди. Унда уйда онлайн дарсга электр токи ўчиб қолганлиги сабаб қатнашолмаса ёки дарс ўртасида «свет ўчиб» узилиб қолса нима бўлади? Ким айбдор? Мактабларда ҳақиқатан онлайн дарслар бўлаяптими? Келинг битта шаҳар мисолида эмас, бутун туманлар мисолида айтайлик. Интернет муаммоси… Электр ўчиб қолса, интернет ишламайди (вайфай, ҳатто “связ” бўлмайди). Қачон электр токи муаммоси бартараф этилади? Aхир шу юрт фарзанди, аммо, чекка қишлоқда яшаётган талабалар, ёшлар, соат 10:00 ёки 11:00 да онлайн бўлиб ўтадиган Халқаро ва юртимизда бўлаётган анжуманлар, конференсия ва онлайн дарсларини ўзи хоҳлаган вақтга қўйиб ололмайдику? Биламизки кўпчилик халқимизда, газ ва электр токи масаласи бор. Вақтида таълим учун керакли шароит яратилмас экан, биз бутун дунёдаги ривожланган давлатлар томонидан аллақачон ўтиб бўлинган «онлайн таълим» га мослаша олмаймиз! Ёшларнинг сифатли таълим олишида, электр токи, интернет муаммоси бўлиши мумкин эмас. Бундай муаммо бор ҳудудда айтингчи, қандай юксалиш бўлиши мумкин?
Қачон «техник носозлик» бартараф этиладию, аҳоли узлуксиз электр токи билан таъминланади?
Ўйлайманки, юртим деб ёниб яшаётган, билимга чанқоқ, буюк келажакка олға қадам босаётган ёшларни қийнаётган муаммо шу. Нафақат ёшлар, балки бутун халқни ҳам. Онлайн дарсларда ва онлайн ўтказилаётган барча йиғилишларда фаол бўлишимиз учун, мактаблар, олийгоҳлар ўзини тўлақонли оқлаши, илмли ўқувчилар, кадрлар бўлиши учун бизга айни пайтда, бугун узлуксиз электр токи ва муаммосиз интернет керак. Яна бир бора айтаман, керак. Ёшларни ва халқимизни ўйлантираётган ва қийнаётган бу муаммони тегишли ташкилотлар, мутасаддилар эътиборсиз қолдирмайди, деган умиддаман.

Зеро, йилдан-йилга «Обод қишлоқ»ларга айланаётган қишлоқлар, овулларда интернет сифати ва электр токи яхшиланишига ишонамиз.

Келажак ёшлар қўлида! Ўша қўлга ҳозир кўмак керак, интернет керак, узлуксиз электр токи керак! Бу замон талаби!

Лобархон Базарбаева,
ҚҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва Журналистика факултети талабаси, Журналист, блогер.

You may also like

Comments are closed.