Янгиликлар

253 нафар талабанинг бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилмоқда

 

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида пандемия даврида юртимизда ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2020 йил 14 декабрь кунги махсус қарори асосида Қорақалпоғистондаги 9 олий ўқув юртида шартнома асосида таҳсил олаётган 253 талабанинг бу йилги ўқув йили учун зарур бўлган 1 546 миллион сўмдан ортиқ шартнома тўловлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланган эди. Бу талабалар асосан боқувчисини йўқотган, ота-онасидан айрилган, жорий йилги пандемия шароитида ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари ҳисобланади.

Шу муносабат билан бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 50 нафар талабага бир йиллик шартнома тўловларини тўлаб берилишини тасдиқловчи сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Камалов йиғилганларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклаб, бугунгидай синовли кунларда юртимизда Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кам таъминланган оилаларни, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида эзгу ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади ва талабаларга сертификатларни тантанали равишда топширди.

Тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон тиббиёт институти стоматалогия, тиббий профилактика ва фармация факультети талабаси, хоразмлик Шохрух Ражапов, Нукус давлат педагогика институти туркий тиллар факультети талабаси Бахтигул Матчанова, институтнинг тасвирий санъат ва меҳнат таълими факультети талабаси, бухоролик Наргиза Очилова ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибори учун Президентимизга, республика раҳбарларига чексиз миннатдорчилигини билдирди ва келажакда Ватанимизга содиқ, халқимизнинг ишончини оқлай оладиган фарзанд бўлиб етишишга ваъда берди.

– Мен 2018 йили Нукус давлат педагогика институтига тўлов шартномаси асосида ўқишга кирдим. Ўша пайтда бир томондан мен ҳам талабалар сафидан жой олиб, ҳаётдаги мақсадларимдан бирига етишганимга қувонган бўлсам, бир томондан шартнома тўловини тўлай олмай қолишдан қўрқдим. Чунки, ота-онамдан эрта ажралиб, опамнинг қўлида қолдим. Икки йил давомида шартнома тўловини тўлашга қийналдим. Менинг ҳам бир йиллик ўқишимнинг шартнома тўлови тўлаб берилиши ҳақидаги хабарни эшитганимдаги қувончимни сўз билан етказиб бера олмайман. Шундай имкониятларни яратиб берган Президентимиздан жуда миннатдорман, – дейди туркий тиллар факультети талабаси Бахтигул Матчанова,  – Бундай эътибор ва ишончни оқлаб, мен ҳам келгусида ўз касбимнинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.

Бундан ташқари, пойтахтимиздаги Ёшлар марказида Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Нукус давлат педагогика институтининг 103 нафар талабаси, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида ўтказилган тадбирда филиал талабалари билан бирга, Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиали, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалининг 51 нафар талабаси, шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида ташкил этилган тадбирда шу филиал талабалари билан бирга, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳамда Самарқанда давлат ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг 49 нафар талабасига сертификатлар топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар

You may also like

Comments are closed.