Янгиликлар

Фоторепортаж: янгиланган “Нукус” полигонида биринчи “Ёшлар фестивали” ўтказилди

Халқ ва армияни бирлаштириб, ҳақиқий умумхалқ байрами сифатида ҳар йили нишонланиб келинаётган Ватан ҳимоячилари куни айёмини муносиб кутиб олишга бу йил ҳам ўзгача тарзда тайёргаклик кўрилмоқда.

Юртимизда жорий этилган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда кўркам қиёфа касб этган “Нукус” дала-ўқув майдонида “Ким Ватанга содиқ бўлса, мундурман ўша!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ватанпарварлик, жасорат ва садоқатни тараннум этиб, ёшларга “армия эшиги”ни очган “Армия – ёшлар нигоҳида” фестивалида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларидан мингдан зиёд ўқувчи-ёшлар ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.

Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов фестивалда ёшларни қутлади.

“Бугунги кунда юртимиз ёшлари ҳар қандай куч-қудратга эгалиги спорт йўналишида, илм-фан, керак бўлса ихтирочилик қобилиятларини намоён этиш орқали бутун дунё ареналарида энг юқори поғоналарни эгаллаб, биз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Ал-Бухорий, Бердақ ва Ажинияз каби буюк аждодларнинг муносиб авлодлари эканлиги ўз исботини топмоқда.

Сиз, жондан азиз ўғил-қизларимиздан фақат битта тилагимиз бор: ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингиз, халқимизнинг сизлардан кутаётган орзу-умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқариш йўлида ҳеч вақт толиқмай, чарчаманг!” – деди ўз нутқида қўмондон ҳамда уларга эл-юртимиз фахрланадиган, жонажон Ватанимизнинг муносиб фарзанди, ҳақиқий ватанпарвар инсонлари бўлиб вояга етишига тилак билдирди.

Ҳарбий хизматчиларнинг қурол билан саф элементлари ҳамда қўл жанги билан кўргазмали чиқишлари, “Айқулач юлдузлари” ансамблининг йигитлари томонидан ижро этилган қорақалпоқча миллий рақслар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Қайта такомиллиштирилган “Нукус” дала-ўқув майдонида ташкил этилган 20 га яқин ўқув жойларида ёшлар ҳарбий аслаҳа, ўқотар қуроллар намуналари, жанговар ва ҳарбий техникалар билан яқиндан танишди.

Ёшлар жанговар бўлинмаларнинг мураккаб тўсиқли йўлакларидан ўтиши, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, бир сўз билан айтганда жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратни юксалтиришлари учун мавжуд ўқув объектлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.

Ўқувчиларда, айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг дала-ўқув майдонида яшаши, мароқли дам олиши ҳамда назарий тайёргарлик машғулотларини ўташи учун яратилган қулай, шинам ва замонавий шароитлар катта таассуротлар қолдирди.

Армия ва ёшларни бирлаштирган фестивалда шартли душман жойлашган ҳудудга ҳужум уюштириш, шаҳар шароитида биноларда шартли равишда гаровга олинганларни қутқариш ҳамда бошқа тактик вазифаларни реал вақтда кўриш иштирокчилар учун ўзгача қувонарли бўлди.

Дала шароитида пиширилган ҳарбийча таомлар, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий зўриқишларни ечиш хонасида психологик тренинглар ёшларга манзур бўлди.

Ёшлар томонидан илиқ қарши олинган ушбу фестиваль қувончли лаҳзалар, ҳайратланарли томошаларга бой кечди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестрининг куй ва наволари остида полигон ҳудудини тарк этаётган ёшлар бу ерга, албатта, яна келиш истагини билдирди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.