Янгиликлар

Қораўзак туманидаги ватанпарварлик тадбирлари ўқувчиларда катта таассуротлар қолдирди


Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманидаги 8- ва 10-сонли мактаб ўқувчилари Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг “Ҳарбий ватанпарварлик карвони” билан учрашди.
Мамлакатимизда ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, ҳарбий касбга нисбатан ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ёшларда армия ҳаётига бўлган қизиқишларини ошириб бормоқда.
Мактабнинг бошланғич ва юқори синф ўқувчиларини қамраб олган ватанпарварлик тадбири ҳам юқори кайфиятда жўшқин таассуротларга бой бўлди.
Қораўзак туманидаги мактабларда ўтказилган тадбирда Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбийлари фахрий қоровул ва қўл жанги элементлари билан иштирок этишиб, ўқувчиларнинг ҳавасини келтиришган бўлса, Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган жаҳон ва ўзбек классик мусиқалари ва қўшиқлар ёшларни рақсга чорлади.
Учрашув мобайнида ҳарбийлар ўқувчиларга ҳарбий қурол-яроғлардан фойдаланиш ва мерганлик сир-асрорларини ўртоқлашди.
Ўқувчилар ўртасида “Мерган” спорт мусобақаси ташкиллаштирилиб, ғолиб йигитларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг фахрий ёрлиғи топширилди.
“Ватан ҳимоячилари куни”га тайёргарлик кўрган мактаб ўқувчилари ҳам ҳарбий акаларига қорақалпоқ миллий маданиятини ўзида акс эттирган байрамона концерт дастурини ҳавола этди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.