Янгиликлар

Етакчилар бу синовни ҳам енгади ёҳуд янги “маънавиятчи”



Инсон инсон бўлиб шаклланибдики, қийинчилик ва ҳаёт синовлари билан курашиб яшайди. Баъзан ғолиб баъзан мағлубият “маза”сидан баҳра олади.
Ёшлар етакчиси бўлиб фаолият бошлаганимга ҳам мана 1 йилдан ошди. Қисқа вақт ичида ўқувчиларим билан қатор ютуқларга эришдик. Туман миқёсидаги ва Республика доирасида ўтказилган форумларда иштирок этдик. Хуллас, “нима иш қилдинг” деган саволга орқамизда жавоб бор.
Бутун Республика ёшлар етакчиларининг тақдири қил устида турибди десак балки масалани бўрттириб юборган бўлармиз, аммо айтсам тилим, айтмасам дилим, деган гаплар бор…
Ёшлар етакчилари биласиз, жамиятнинг барча тадбирларида фаол… тўғрироғи деярли барча концерт, тадбирлар етакчиларнинг иштирокисиз “татимайди”. Чунки уларда ёшлар иштирок этади, ёшлар чиқиш қилади… хўш, уларни ким тайёрлайди? Йўл-йўриқни ким беради? Туманга ўз иқтидорли ёшларини танлашда ким “воситачи”лик қилади?
2020 йилнинг охирларида ёшлар етакчиларининг штат бирлигидан 0.25 олиниб, янги маънавият тарғиботчиси лавозимига берилиши айтилганди…
Ушбу масала бўйича бироз мулоҳазаларим бор, маънавият тарғиботчиси атиги ярим кунгина келиб мактабда қандан қилиб “маънавият аураси”ни яратиб бера олар экан?! Бунинг устига ўқувчилар билан тил топишиш учун камида улар билан эрталабдан то мактаб тугагунга қадар шуғулланиш керак…. бола тарбияси осон эмаски, уни 4 соатда ўзлаштириб олса… Мактабга маънавият тарғиботчиси лавозими жуда зарур экан, нега буни айнан Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимининг штат бирлигидан олишмай, айнан ёшлар етакчисининг маошидан олишди? Ёшлар етакчисининг ойлик иш ҳақи 1 млн 900 сўмни ташкил қилади….
Маънавият тарғиботчиси лавозими жорий қилиниб, маънавий тадбирлар билан бевосита шуғулланар экан, бу пайтда маъанавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбсаори нима билан машғул бўлади?
Коронавирус пандемияси даврида ҳеч бир мактабнинг ўқитувчиси уйма-уй юриб волонтерлик қилмади. Ҳеч бир “маънавиятчи” калл-центрларда ўтирмади. Ёшлар етакчиларининг бир гуруҳи кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат тарқатишди, бир гуруҳи “Саҳоват ва кўмак” жамғармасида яна бирлари эса маслаҳат марказларида калл-центрларда ўтиришди. Хуллас, пандемияда ҳеч бир ёшлар етакчиси бўш ўтирмади. Онлайн танловлар ўтказилганлиги алоҳида мавзу… ёшлар етакчилариниг ишлари афсуски доим парда ортида қолиб келаяпти…
Пандемия тугаб, ўқув йили бошланди. Бир томонда мактаб бир томонда аёллар ва ёшлар дафтарлари бўйича хатлов ишларида туну-кун тер тўкилди. Ишсиз ёшлар ва аёллар билан бирма-бир телефон орқали мулоқотлар ўрнатилди. Хуллас, мамлакатимиздаги ишсиз аёллар ва ёшлар қатламини аниқлашда етакчиларнинг ўрни бўлакча бўлди.
Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Иш тажрибасига эга, бир неча йиллик стажи мавжуд олий таълим муассасасида таълим олаётган ёшлар етакчиларини, дипломи қўлида бўлмаганлиги сабабли ишдан олиниши хусусида гап-сўзлар болалаяпти. Ўзбекистон дипломдан кўра иш малакасига эга кадрларни танлашни афзал кўраётган бир даврда бир гуруҳ ёшларнинг ишдан олиниши бироз ғалати. Ўрта махсус маълумотли ёшлар етакчиларга тегишли деб бироз пинак бузмаслик мумкин, аммо ОТМда 1 ёки 2 курсларда ўқийдиган ёшлар етакчиларига ҳам бу тегишли деб ўйлайман. Аниқ маълумотларга таяниб айтадиган бўлсак, ОТМдаги 1 ёки 2 курс талабаларига тугалланмаган олий маълумотлми даражаси берилмайди… аммо бошланғич таълимда 5-10 йилдан буён, ёки меҳнат, жисмоний тарбия фанларидан ўрта-махсус маълумотига эга бўлган ўқитувчилар жимгина юришибди….
Аслида, нуфузли уни верситетни тугатиб, қўлида дипломи билан, ўз исмидан 20 та хато ёзадиган, шахсий фикрга эга эмас, иш буюрсанг ўзингдан иш сўрайдиганлар афсуски атрофимизда топилади. Ўрмонга ўт кетса, хўлу-қуруқ бир ёнади деганларидек, айрим дипломли “ўқуви бор”ларнинг касрига университетга ўз кучи билан кириб, ҳам ишлаб ҳам ўқиб юрганлар қолаяпти… ана тенглик… “Даккини ишлаган эшитади, ишламаганга не парво” деганларидек, бу йил ёшлар етакчилари учун оғир келишини таҳмин қилаяпман. Аммо ёшларнинг чинакам қаноти бўлган етакчилар бу синовни ҳам енгиб ўтишади..
Г.Ғайратова,
5-мактабнинг ёшлар етакчиси, журналист

You may also like

Comments are closed.