Янгиликлар

Ҳарбий шифокорлар Оролбўйи ҳудудларда аҳолига хизмат қилмоқда


Мамлакатимизда халқ дардини эшитиш, муаммо ва мурожаатларини ҳал этишнинг янгича усули бўлмиш “Маҳаллабай” ишлаш тизими аҳолига ёрдам беришда самарали йўл эканлиги ўз исботини топмоқда.
Олис ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг саломатлигини сақлаш, уларга самарали тиббий муолажа ва маслаҳатлар бериш мақсадида бугун Мудофаа вазирлиги ҳарбий-тиббиёт соҳа ходимлари ҳам сафарбар этилиб, жойларда юртдошларимизни чуқурлаштирилган тиббий қўриклардан ўтказмоқда.
Жумладан, Нукус ҳарбий госпитали шифокорлари Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт мутахассислари билан ҳамкорликда Нукус шаҳридан 150 км олисда жойлашган Мўйноқ туманидаги “Али-овул” овулида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.
Овулнинг ёшу қари аҳли невропатолог, жарроҳ, лор, терапевт, гинеколог, дерматолог, окулист каби малакали мутахассисларнинг кўригидан ўтиб, ЭКГ ҳамда ультратовуш текширув аппаратида ички аъзолари текширилди. Нукус ҳарбий госпиталининг мобил лабораториясида эса фуқаролар бир неча дақиқада қон таҳлили билан танишиш имконига эга бўлди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ўтказиш учун туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 31-сонли оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланилди.
100 нафардан зиёд аҳолининг саломатлиги текширилиб, улардан 4 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида стационар ҳамда 52 нафарига амбулатор шароитларда даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, тиббиёт соҳа ходимлари оғир аҳволда ётган ҳамда жисмоний имконияти чекланган ўнлаб ватандошларимиз хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳам саломатлигидан хабар олишди.
– Қандли диабет касаллиги туфайли ўтган йилнинг октябрь ойида ўнг оёғимнинг тиззасидан ампутация қилишди, – дейди Алпомиш Узақбаев. – Шифокорларга катта раҳмат энг чекка ҳудудга келиб, овулимиз аҳлини тиббий кўрикдан ўтказяпти. Совуқ кунда кўчага ҳали чиқа олмиман. Шифокорлар олдимга келиб, ҳолимдан хабар олишди, тиббий ускуналар билан текширишди. Тўғрисини айтсам, оғриб ётиб қолганимдан бери туман шифохонасига боролмай тургандим. Мушкулим осон бўлди, бундан жудаям бахтиёрман.


Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.