Мақолалар

“Оч болага байрам ёқмайди”. “Ёшлар” куни “Қарақалпақстан жаслари” учун эмас (ми?)

Кеча ёшлар “кўча”сида байрам бўлди. Улар 30 июнь кунини нишонлади. Ёшлар ҳаётининг маънавият аталмиш онг қисмида “юрган” “Қарақалпақстан жаслари” газетасига бу байрам сира таътимайди. Чунки, “оч бола тўқ бола билан ўйнамайди, тўқ бола ҳеч нарсани ўйламайди”. Гапни “туядан пўстин ташлагандек” оч сўзлари билан бошлаш Янги Ўзбекистонга сира ярашмас, балки. Учинчи ренесансда очлик ҳақида гапириш тугул, уни ҳаёлга чақиришу ўйлаш ҳам мантиққа сиғмайди. Аммо бугун ҳақиқат гапирилиши керак бўлса, у билан юзма-юз турамиз.

Яқинда “Қарақалпақстан жаслари” газетаси 90 йиллик юбилейини белгилади. 1931 йилдан то шу бугунгача ёшлар ҳаётининг бир қисмига айланиб кетган нашрнинг аҳволи мақтагудек эмас. Юмшатмай, яширмай тўғрисини айтганда, у “синиш” арафасида. Чунки, шу юрт ёшлари газетасини ўқимай қўйди. Тадбиру қарор, расмий материаллардан “боши чиқмай” қолган газета ёшларини йўқотди. Кеча нашрга уни ёзмаю, буни танқид қилма, дея шарт қўяётганларнинг у билан сира иши бўлмай қолди. Натижада, алданган ва “алдаган” газетада шу бугун пул йўқ. “Қарақалпақстан жаслари” мухбири Арухан Турекееванинг таъбири билан айтганда, “ҳамма нарса жонимизга тегиб кетди”…

Қорақалпоқда “уйдаги гапни кўчага чиқарма” деган гап бор. Кўчага чиқиб кетган гапни яшириб бўлмайди. Шундай экан, ижтимоий тармоқларда тарқалган “Қарақалпақстан жаслари”га оид видео мулоҳазаларни асло тўхтата олмайди. Унинг шу эл учун, ёшларига қанчалар керак эканлигини “билганлар билади, билмаганлар ўзи билади”. Негаки, “Қарақалпақстан жаслари” қорақалпоқ ёшларининг ягона марказий нашри, маънавий озуқаси. Ёшлар ва “Қарақалпақстан жаслари”ни бир биридан айириш мумкин эмас. Гоёки халқни маъавияти, ғуруридан ажратиб бўлмаганидек…

Шу ерда “Қарақалпақстан жаслари”нинг ёшлар маънавиятини юксалтиришидаги ҳиссасини унутмаслик керак. Бугунги жамиятни бошқараётган кучли шахслар, ёзувчию олимлар ўз ўзидан Қорақалпоққа осмондан тушмаган, улар “Қарақалпақстан жаслари”ни ўқиб улғайган. Ундаги дидактик, таҳлилий материаллар улар учун ҳаёт дарсидаги мавзулар бўла олган. Бир пайтлар жамиятдаги муаммоларга ечим топиб, ёшларнинг бахтли бўлишига сабабчи эди у. Бугун буларнинг барчаси қундуз амакининг эртагига ўхшайди. Ер шари ўз ўқидан чиқиб кеткану газетанинг “бозори” бўлмай қолган. Ўзи қари бўлса ҳам (90 ёши назарда тутиляпти) кўнгли жуда ёш нашрга бундай кун тўғишини ким ўйлабди? Ҳаттоки, кўзи очиқлар ҳам билмасди буни. Чунки, шу куннинг бозори шариоитида маънавий озуқанинг “килоси арзон бўлиб қолган”га ўхшайди. Бундай шароитда маънавият учун давлат маълум бир муддат молиявий кўмак бериши лозим, деб ҳисоблаймиз. Негаки, маънавиятнинг ҳар қандай иқтисодий даврда ҳам бозори “чаққон” бўлмаган. Маънавиятсиз яшаб бўлмаслигимизни билган ҳолда, унинг учун жон фидо қилмоқ керак. Демак, “Қарақалпақстан жаслари” бу фидоликка арзийди.

Менинг охирги жумлам кўп одамга ёқмади. “Қарақалпақстан жаслари”нинг замонга эргашолмай оқсаётгани, нозик дидли кўнгиллардан чиқолмаётганини тан олиб бўлдик. “Танқид ёзилмайди, мақолалар қизиқ эмас, муаммоларга ечим йўқ” дея бир дунё тана тошлари ҳам отиляпти унга. Бу тўғри гап, гапдан қайтиш ҳам йўқ. Яна Арухан Турекееванинг айтишича, бунга тағин бир сабаб “газетада “критика” босилмайди, бостиришмайди”… Устоз журналист Шукирбай Сийпатдинов бунинг сабабини редакцияда ишлашга шароит йўқлиги билан изоҳлайди. Олти ойдан буён ойликсиз, сув текин ишлаётган газета журналистлари пулсиз таътилда “дам оляпти”. “Қорин оч бўлса, қўшиққа не ҳожат” дегандек моашсиз ишлаш уларнинг қўллари, кўнгилларини боғлаган. Бунга бош муҳаррир бўлганига 2 ой тўлган Шинаргул Пахратдинова “2 ойда ҳеч нарсага улгуриб бўлмайди. Муаммоларни бартараф этиш учун кам муҳлат бу. Булар ҳам халқнинг орасига кириб, газетага обуна бўлиш тарғиботини қилиши керак” деб ҳисоблайди. Тағин унинг айтишича, “бу қоронғуликдан чиқишнинг бошқа йўли йўқ”…

2 ойлик чақалоққа “мама, папа” деб айтишни талаб этолмаганимиздек, унга биз томондан бирданига талабни баланд қўйиб бўлмас. Балки, бу кун ҳам ўтар кетар, яхши кунлар келар. Бироқ, ўша яхши кунлар учун ҳаракатни аллақачон бошлаш керак эмасмиди? Айни дамда эски компьютерлар қуршовида, чироқсиз, текин ишлаётган журналистлар нимани ҳам қойиллатиб ёзарди? Чунки, уларнинг кўнглига “қил сиғмайди”, қўшиқ ёқмайди, байрам ҳам…

“Қарақалпақстан жаслари” газетаси 27 июнь журналистлар байрами куни ҳаётларида янги саҳифа очилиб, уйғониш даври бошланадими деб кутганини яширмайди. Бош муҳаррирдан умидвор ходимлар ундан биринчи навбатда ойлиги, иккинчи миқланиб 8 соат иш санаб бермасликни, учинчи редакциянинг ички имкониятини яхшилаб беришни талаб қилаётир. Улар эшикма-эшик юриб, одамларни газетага ёзилишга мажбурлай олмаслигини айтаётир. Бош муҳаррир талабидаги 200 одам “солиғи” ҳам журналистларнинг иши эмас, деб ҳисоблашади. Ойликсиз Нукус шаҳридан нари-бери материал ёзишга чиқолмаётган мухбирлар ўзлари учун янги кун, газета саҳифаларининг барағи очилиб, тезроқ шу кун бошланишини хоҳлаяпти…

“Орзулар ушалади”. Унга ишонч керак, аммо қачонгача? Орзуларни сотиб олиб ёки ўғирлаб бўлмас ҳам эканмиз. “Қарақалпақстан жаслари”нинг юрак уриши учун шу бугун давлатдан молиявий ёрдам керак. Агар бу кўмак келмаса, қорақалпоқ ёшлари газетасидан айирилиб қолади. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги босма нашрлар маркетинги бўйича ҳукуматга жўяли, аниқ таклифларни айтиш фурсати келди. Уларни ярим йўлга келиб, бирданига ташлаб қўйиб ҳам бўлмайди. Баъзи давлатларда халқ ахборот учун Масс медиа фондларига солиқ тўлайди, аксарият элларда газеталар тадбиркорлик жамиятларига айланган, Ғарбнинг айрим юртларида босма нашрларга йирик тадбиркорлар ҳомийлик этади…

Бобаларимиз айтади: “Қўрқоқ одам кунда ўлади, жўмарт киши бир ўлади”. Видеони кўриб ҳар куни “Қарақалпақстан жаслари”ни ўйлайвериб, минг ўлгандан кўра, бугун уни ёзиб бир ўлмоқчиман. Омон бўлсак кўрармиз…

П/с: Яқинда Ўзбекистон ёшлар агентлиги раиси Алишер Садуллаев Мўйноқда театрни ривожлантиришга 300 миллион сўм сармоя киритиш ваъдасини берди. Балки, бу инвестициянинг бир учи “Қарақалпақстан жаслари”га ҳам тегиб кетар. (Чунки, газетанинг ташкилотчиси ёшлар ташкилоти) Ахир “Қарақалпақстан жаслари” ҳам Орол, бир Мўйноқ. Денгизга сув керак бўлса, газетага маблағ керак…

Қумар Бегниязова, бош муҳаррир

You may also like

Comments are closed.