Ҳарбий ансамбль Мўйноқда «Орол денгизи қутқарувчилари» учун концерт бермоқда

    Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли Орол денгизини қутқариш мақсадида тер тўкаётган меҳнаткашлар учун Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида концерт дастури ташкиллаштирди. Бу ҳақда ОАВ маьлум қилмоқда.

Ушбу концерт Шимоли-ғарбий ҳарбий округи тарғибот ва ташвиқот гуруҳи ташаббуси билан Мўйноқ тумани марказидан 115 километр узоқликда жойлашган ҳудудда ишчиларнинг дам олишларини мароқли ўтказиши ва ҳордиқ чиқариши мақсадида ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган 2017—2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, экологик фалокат асоратларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, бу каби концерт дастурлари ҳарбий санъаткорлар томонидан Қўнғирот туманида жойлашган мактабларда ҳам ташкил этилди.

Хоразм вилояти Гурлан туманида эса Афғонистонда бўлиб ўтган жангларда иштирок этган ўғлонларнинг олиб чиқилган кунини нишонлашга бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Собиқ иттифоқ аскарларининг қўшни республикадан олиб чиқилганига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, мудофаа ишлар бўлими, суд, прокуратура органи ходимлари ҳамда 255 нафар афғон уруши қатнашчилари иштирок этди.

Тадбир давомида афғон уруши қатнашчилари ўз хотиралари билан бўлишди. Уларнинг йигитлик бурчини бажаришдаги жасоратлари эътироф этилди.