Ҳаёт видеотасмасидан…

 Шифохонанинг узун йўлаги, бу ерда ҳар хил беморларга кўзингиз тушади. Аммо кўпчилиги она ва болалар. Уларни айни кўрганимдек тасвирлаб бераман. Қўли куйган кекса аёлни қизи етаклаб келди. Навбат кутиб ўтирганлар билан суҳбатлашаркан: “Овқат пишираман деб қозондаги қизиган ёғни қўлига тўкканлар, неча кундан бери олиб келаман, биз келгунча сабрлари етмаганда“. Бу ҳолатдан онасининг ранги ўчди, лаблари учиб: “Нима қилай, бекор ўтирмай дедимда, болам. Ўзим учун эмас жиянларингга… Ҳамманг эрта кетиб кеч қайтасан, уйда ёлғиз ўзим… Сизлар омон бўлсанглар бўлди“ деди титроқ овозда. Яна бир шифокор хонасига чамаси беш ёшлардаги болани олиб кириб кетишди. Онаси кунда эмлатгани олиб келаётган экан. Болакай “она“ деб йиғлагани сайин волидасининг қўли титрайди, рўмолини ғижимлаб бир жойда туролмай йўлак бўйлаб бориб келади. Кўзлари милтираб эшикка қадалган. Айни дамда дунё ташвишлари унга бегонадек гўё, фақатгина боласини тезроқ кўришни хоҳлайди. Анча вақтдан кейин эшик очилди. Боласига нисбатан меҳри, қайғуришлари эвазига хархаша эшитди. Болакай “сиз ёмонсиз, боғда айлантирмадиз, алдабсиз…” деб қўлига ёпишди, оёқчалари билан тепиб ташлади, чунки хаёлида барча оғриқлари сабабчиси онасида. Оналар ҳеч қачон боласига оғриқни раво кўрмайди бироқ болаларнинг бари ҳам онасини тушунмайди, қадрламайди. Ҳар икки ҳолатни кузатарканман болалигим кўз олдимда гавдаланди.

Эсимда, бир йили қўлимга ёғочнинг кичик бир бўлаги кириб, мен ҳам онамни ташвишга қўйгандим. Онам ўшанда “отқулоқ“ баргидан тортиб ҳар хил доригача қўлимга қўйганди. Лекин буларнинг ҳеч бири шиш ва ерингни даф этолмади. Шифокорга борганимизда кекса, бўйи пастроқ, кўзойнакли болалар жаррохи “кафтини кесиб, кирган жисмни олиб ташлаймиз “деди. Мен йиғламадим, хархаша ҳам қилмадим. Сабаби онамдан бунинг учун “пора“ олгандим. Нишоним эса уйимиз ёнидаги Саид баққолнинг дўкони эди. Шоколодлар, ширин конфетлар, ранг-баранг ўйинчоқлар-булар шифохонага бориб, қўлимни кўрсатиб, тозалатиб келишга жимлигим учун оладиган бадалим эди. Ўша кунларни ёдга олсам ўзимдан уяламан. Онагинам эса ғамгин табассум қилади. Оналар умрини, орзу-умидларини бирма бир боласининг пойига ташлайди. Улар туфайлигина фарзанд тақдир йўлига қадам ташлашни ўрганади. Бу йўлдан юриб, маълум бир ютуқларга эришганда эса минг афсуски онасини унутади. Оналар доим меҳр, эътибор, ширин сўзни кутиб яшайди. Дарс тугади дегунча онамга қўнғироқ қилишга шошаман. Уларнинг овозини эшитсам худди уйда бўлгандек сезаман ўзимни. Онамни бироз бўлсада кўнглини кўтаргим келади. Онанинг муҳаббати самимийдир. У вафо ва садоқат, сабр-қаноатдан яралган. Кўнгли доим боласида, истаги жиндак ширин сўз, меҳр, фарзандлари бахтини кўриш, холос. Дунёдаги ягона тамасиз муҳаббат оналарникидир.

Мадина ХОЖИЕВА.