Кичик эътиборсизлик- катта талофатлар сабабчиси

    Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини ишончли қўриқлашни таъминловчи сифат жиҳатидан янги тизимни жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Бироқ, қўриқлаш фаолиятини ташкил этишда ҳозирга қадар бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, булар ички ишлар органларининг мулкни қўриқлаш бўйича хизматлари қамровининг торлиги, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги, мавжуд қўриқлаш тизими ва технологияларининг етарлича самарали эмаслиги, ушбу соҳада сифатли сервис хизматини кўрсатишнинг ягона техник талаблари ва механизмларининг йўқлигида намоён бўлмоқда.

Ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш бўйича фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мулкка бўлган тажовузни профилактика қилиш ва олдини олишда аҳолининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2018 йил 12 декабрь куни ПҚ-4060-сони билан «Жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентиниг қарори қабул қилинди.
Қарорда 2022 йил 31 декабрьга қадар янги турар жойлар қурилишида ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда уларни мажбурий тарзда қўриқлаш-ёнғин ташвишгоҳлари ва газоанализаторлар билан жиҳозланиши кераклиги кўрсатилган.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасига янги турар жойлар қурилишида қўллашга мўлжалланган янги турдаги «ҲОМE ГС» русумли газосигнализаторлар олиб келинмоқда. Бу қурилма универсал химоя воситаси бўлиб, ёнувчи метан, пропан, бутан ва заҳарли ис газларини автоматик тарзда аниқлаб, белгиланган миқдори ортиб кетган тақдирда махсус клапан орқали газни тармоқдан узиб қўяди. Натижада хонага ортиқча газ тўпланишига йўл қуймайди. Сизиб чиккан газ хавфи бартараф этилгунга қадар огоҳлантирувчи овозли сигнал бериб туради.

Қурилма электр энергияси билан ишлайди. Агар электр таъминоти узилган тақдирда, ўзидаги аккумулятор ёрдамида 24 соатгача мустақил электр энергиясиз узлуксиз ишлаши мумкин. Айнан бу каби қурилмалар газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш холатларнинг олдини олишда муҳим тадбир ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикасида ИИВ Ёнгин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан худудида 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида иситиш печлари ва оловдан эхтиётсизлик билан боғлиқ ёнғинларнинг ҳамда газ ва хаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларни ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш холатларнинг олдини олиш мақсадида бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Натижада ёнгинларнинг сони ўтган йилга нисбатан шу кунгача 36,48 % га камайганлигини ва 2019-йил бошидан ёнгин натижасида фукароларнинг ҳалок бўлиши ва тан жарохатини олиш холатлари содир бўлмаганлигини кўришимиз мумкин.

Ёнғинларга олиб келадиган барча кўнгилсизликларнинг бош сабабчиси, энг аввало одамларнинг эҳтиётсизликлари бўлиб қолмокда. Чунки ёнғин ўз-ўзидан содир бўладиган ҳодиса эмас. Демак, биринчи навбатда нафақат айнан ёнғиннинг ўзига, шу билан бирга уни келтириб чиқарган кишилардаги эҳтиётсизликка ҳам қарши курашмоғимиз даркор.

Ота-боболаримиз айтганидек, ёнғин тилсиз душмандир ва ҳеч қачон эшик қоқиб келмайди. Шунинг учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатий риоя қилсак ёнғиннинг олдини олган бўламиз ва энг асосийси инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган ноҳуш ҳолатларга йўл қўймаган бўлардик.

Азамат Давлетов,
ҚР ИИВ ЁХБ бошлиғи,
Майор.