Янги «вирус» тарқалди! “Антивирус“ингиз борми?

Кимё дарси, ўқитувчи дарс ўтаяпти “анти”-қарши, зид дегани. Лицейда ўқиган пайтимда гарчи асосий йўналишимиз бўлмасада кимё дарси қизиқарли ўтарди. Дарс давомида ҳаёт учун хавфли моддалар, маҳсулотлар таркиби, зарари, фойдаси… Хуллас, эҳтиёткорликдан сабоқ олардик. Зарарли нарсаларни билиб яна кўпроқ маълумот олишга интиларканмиз бир вақтлари ногоҳ эшитиб қолардик: Фалончи ўзини ўлдирибди, севганига етолмаганига “Нима, яшаш бахтидан муҳиммикан шу севги? Ҳаёт давом этадику! Тақдирни ким ўзгартира олади?”. Жавоб топмасдим. Болалигимда дугонам биринчи марта ўлим ҳақида айтганда қўрқиб кетганман. Катта бўлишни истамайман вақт қотиб қолсин… Бир куни ота-онам, яқинларим ўлса нима қиламан? Қаттиқ йиғлагандим. Кейинчалик ваҳимали бу совуқ хабарни тез-тез эшитадиган ҳозирга келиб ҳайрон қолмайдиган бўлдим. Бир йили кузда бир қариндош қиз олтин зирак учун, дугонамнинг синглиси йигити орани очиқ қилганига, Нотаниш қиз алданиб қолганига, Қайсиси эса номаълум “осил-осил“га учрагани, бирови эса ёқилғи қуйиб жонидан тўйиб ўзини ўлдиргани туманимдаги ажалнинг кўринишларига мисол.

Суидсит-келиб чиқишини психологлар қуйидагича тарифлайди: депрессия, вос-вос, зўравонлик, гиёҳвандлик қурбони бўлиш. Гоҳида яшаш шароитининг ўзгариши, ўқиш жойидаги дўстлари билан муносабати, севгилисидан айрилиши, жамият олдида айбдор бўлиб қолиш каби ҳолатлар бунга мажбурларкан. Қалбшунос Сизерланд табири билан айтганда: “Матбуот саҳифаларида ўлими ҳақида шов-шувли хабар ёйилиши, замон қаҳрамонига айланиш истаги Суидситга мойиллик уйғотади“. Ёш бўйича таҳлилда 15 – 29 ёшлилар юқори кўрсаткичда. 75% аҳолисининг яшаш шароити яхши бўлмаган давлатларда, аёллар орасида айниқса кўп. Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикага таянган ҳолда 1 йилда, дунё бўйлаб камида 800 минг одам ўз жонига қасд қилишини айтади. Дин нима дейди? Динсизлик, маърифатсизлик, руҳий ҳасталик, йўқчилик бўлса сабри етмаганлар бу ишни қилади. Оҳират, қайта тирилиш, дўзах ва қабр азоби ҳақида диний кўникмаси бўлмаса. Ўзи ва ўзганинг жонига қасд қилиш динда оғир гуноҳлиги ёзилади. Гиёҳвандлик, кашандалик, ичкиликбозлик, ОИТСга қарши курашаётиб Суидситга ким нима чора кўраяпти?…

Тадбир, базм, шеърхонликлару, мажлислар ташкиллаштирилиб қаторлашиб протоколлар тикиляптию зерикиб, мажбуран, вақтини сарфлаб қизиқмайгина ўтирган қора кўзларга бундан нима фойда? Эҳтимол унинг ҳозир кўнглига ҳеч нима сиғмас… Неча минг йил ёки юз йил олдин вафот этган шоир ёки ёзувчи асарини байрам уюштиришгагина ўқиб,чиқиш қилаётган “актёрлар томашаси“ унга наф келтирами? Вақтини бундай “чапак-чапак“, “Мақтов ёрлиқ“, мақтанишларга йиғиб олгандан, балки, руҳиятига таъсир ўтказувчи, олдинга интилишига, иродали бўлишига ёрдам берадиган 10 дақиқалик психолог сўзи керакмасмикан?!

Муаммо ташвишсиз инсон бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ўзини қўлга олиш, ўлимни сўнги чора деб билмаслигини тушкунликка тушган, ўзини берк кўчада ҳис қилаётган ёшларга айтиш ҳар қандай ғазалу мусобақа, беллашувлардан фойдали. Гёте ёзганидек “Ҳаёт курашдан иборат, Инсон-курашчи“. Ёввойи табиатда хатто хайвонлар тирик қолиш учун сўнги нафасгача курашади, тирик қолиш иложи, йўлини авлодига ўргатади. Енгилмасликка чорлайди. Ёшлар қайси деворга бошини урсин? Чет эл киноларида кўрганмиз муаммоси бўлса психологга боради. Биздачи? Бу соҳа ривожланган деёлмаймиз. Азалдан ичимизга ютиб ўрганганмиз. Психолог бор! Биламан шу сўзлар ҳар бир мақолани ўқиётган муштарий хаёлида сигнал берди. Психологлар бор бироқ уларнинг бирон марта ёшларга тушунтириш берганини, суҳбатлашганини кўрмадим. Телеграм каналларидаги маслаҳатлар пуллик, қабулига бориш соати 500, 300 минг камида. Текин ёрдам борми? Анқо уруғи бор лекин бепул ёрдам ЙЎҚ!

Юртимизда мактаб ва коллеж, олий ўқув юртлар ёшлари орасида суидсит кўп нега? Чунки бу ўқув даргоҳлари психологлари “кўринмас одам“. Қайсидир талаба ёки ўқувчи ўзини осса кейин ишга тушиб шу вақтда фаол бўлиб қолади. Ўлкамизнинг Хоразм, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ҳамда шу яқин орада Қорақалпоғистоннинг Тўрткӯл туманида 7-синф қиз, Таxтакўпирда бир йигит, Амударёда 3-курс талабаси, Нукусда ёши катта киши суидситига гувоҳ бўлдик.

Асосан ёшлар бир лаҳзагина ожизлик қилиб, депрессияда билмай буни қилади. Кундалик ҳолатимиз, иш фаолиятимиз, соғлигимиз, кайфиятимиз РУҲИЯТга боғлиқ. Шифокорлар тананинг, психологлар руҳимизнинг даволовчиси. Уларнинг ёрдамисиз бу масала ҳал бўлмайди ҳеч қачон. Жисмонан ва руҳан соғлом одамгина жамиятга фойда келтиради. Келажагимиз қурувчилари-ёшлар дахшатли ўлим топиши, яшашдан воз кечишига нима туртки? Бу бир дақиқада юзага келмайди. Қачонки яқинлари беэътиборлиги, атрофдагилар солиштириши, севгининг куйдим-ёндими, хатолари, моддий қийинчиликлар, ишсизлик бор экан Суидсит тугамайди, чуқурроқ илдиз отади. Ҳаётдан тўйиш “Вирус“и яшин тезлигида тарқаларкан руҳиятимизда “антивирус“ бўлиши шарт. Ҳамма қачондир ўлади, ҳеч ким дунёга устун бўлмаган. Унутмаслик керак бўлган битта ҳақиқат ҳар ким ЯШАШ УЧУН КEЛАДИ ЁРУҒ ОЛАМГА!

Мадина ХАЖИЕВА.