Контракт яна ошгани йўқ (контракт ҳақидаги хабарлар бўйича норасмий тушунтириш)


2-семестрда контракт нархлари ошганлиги ҳақидаги хабар кўпчиликни яна ўйлантириб қўйди ва хавотирга тушиб қолишди.

Гарчи кечаги хабарларда ҳаммаси ётиғи билан тушунтирилган, контракт ошиши бу ўтган йили октябрдаги иш ҳақлари ошгани билан боғлиқлиги таъкидланган, ноябрдан ошган ойлик мана энди контрактга таъсир қилаётгани айтилган бўлса-да, барибир кўпчилик “яна контракт ошдими, яна ойлик ошдими” деган саволлар билан мурожаат қилишди.

Ўша саволларга батафсил (халққа ёқадиган ракурсда) жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Контрактлар яна ошдими?

Йўқ, ошмади. Чунки яқин ўртада ойликлар ошмади. Контракт қачон ошади, қачонки иш ҳақлари кўтарилса. Иш ҳақлари эса охирги марта ўтган йили октябрь ойида кўтарилди. Демак, хавотирга ўрин йўқ.

Яна қўшимча тўлов қиламанми?

Йўқ, қилмайсиз. Жуда кўпчилик талабалар аллақачон 2-семестр учун контрактини тўлаб бўлди, чунки қоидага кўра, 1 мартгача тўлаш керак эди. Бугун охирги кун (муддат узайганми, йўқми, билмадим).

2-семестр учун контрактини тўлаган талабалар 1-семестрдагига қараганда бироз кўпроқ (10%) пул тўлашди.

Масалан, иқтисод ёки соғлиқни сақлаш йўналишида ўқийдиган талабалар 1-семестр учун 5 млн 68 минг 250 сўм тўлаган эди. Энди улар 2-семестр учун аввалгидан 10% кўпроқ, яъни 5 млн 575 минг 75 сўм пул тўлашлари керак (тўлаб ҳам бўлишгандир).

Хуллас, 2-семестр учун ОТМ айтган суммани тўлаганлар бошқа ҳеч қандай қўшимча тўлов қилмайди, чунки улар контрактни аллақачон оширилган суммада тўлаб бўлишган.

Яна ҳам ҳар эҳтимолга қарши бакалавриат учун 2-семестрда тўланадиган суммани келтираман, мабодо Сиз шу суммани тўлаган бўлсангиз, унда хавотирга ўрин йўқ.

БАКАЛАВРИАТ
(кундузги, сиртқи ва кечки таълим учун)

1-тоифа: 45 баробар – 4 млн 561 минг 425 сўм
2-тоифа: 46 баробар – 4 млн 662 минг 790 сўм
3-тоифа: 50 баробар – 5 млн 68 минг 250 сўм
4-тоифа: 55 баробар – 5 млн 575 минг 75 сўм
5-тоифа: 60 баробар – 6 млн 81 минг 900 сўм

Контракт яна ошиши мумкинми?

Билмадим. Бу фақат ва фақат иш ҳақлари билан боғлиқ. Агар мабодо юртимизда иш ҳақлари ошса, демак, билингки, контрактлар ҳам мос равишда ошади (кейинги семестрдан). Агар иш ҳақлари ошмаса, контрактлар ҳам ўз жойида тураверади.

Манба (https://t.me/xushnudbek/1831)