Яхши инсонларнинг хайрли ишлари

Халқимиз меҳр-мурувватли, оқибатли халқ. Бир инсоннинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишда бемминат хизмат қилади. Хоҳ у бегона, хоҳ у нотаниш бўлсин, қўли очиқ, бағри кенг халқимиз ёрдам қўлларини чўзади. Ана шундай мақсадда 2018 йил 12 ноябрьдан бошлаб ҳайрли ишларини олиб бораётган “Добры люди Каракалпакистана“ лойиҳаси кам таъминланган, имконияти чекланган оилаларга ёрдам бериб келмоқда.

Ҳозирда 16 админстратор ва 40дан зиёд волонтёрлар иш олиб бораётган мазкур лойиҳа асосчиларидан бири Улуғбек Ўтениязовнинг таъкидлашича:

-Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ва уларнинг ўткир касаллик билан оғриган бемор аъзоларига ёрдам бермоқдамиз. Шулардан кал таъминланган оилаларга 500 000 сўм атрофида озиқ-овқатлар ва моддий ёрдам кўрсатилади. Бемор инсонлар операцияси учун маблаглар, дори-дармон ва Тошкентга бориб-келиш йўл ҳақи лойиҳа томонидан тўлаб берилади. Бу ишлар ҳайр-саҳоватли халқимизнинг беминнат ҳиссаси эвазига амалга оширилади.

Мазкур лойиҳанинг Телеграмдаги гуруҳида ўн мингдан зиёд фойдаланувчи аъзо бўлишган. Улар ҳафта давомида қанча маблағ йиғилгани, оилаларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани, беморлар ҳақида маълумот олишлари, уларга қанча маблағ йиғиш зарурлигини билиб боришади.

Ёрдамга муҳтож инсонлар гуруҳнинг @добриелюдипомошботи орқали мурожаат йўллашлари мумкун. Мурожаатлар ҳафта давомида админ ва волонтёрларнинг бориб кўришлари орқали ўрганилади. Ҳафтанинг шанба куни улар ҳолидан хабар олинади. Бир ҳафтада 3 оиладан 7 оилагача ёрдам берилади.

-Бизнинг гуруҳга меҳрибон одамлар, фаол кўнгиллиларнинг қўшилишини истар эдик,-дейди Улуғбек Ўтениязов. – Ёрдамга муҳтож оилалар, беморларни излаб топишда яхши инсонларнинг ёрдами керак. Барча бир бўлсак, ўйлайманки, кўзлаган мақсадимиз – инсонларнинг шукроналик, бугунги кунидан миннатдорлик ҳисси ошишига эришамиз.