​”Вазни ортиқча ходим қандай қилиб жиноятчини тутади”?

Мудофаа ва ички ишлар тизимидаги ортиқча вазнга эга ходимларга буни ўнглаш учун муддат берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Наманганда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Бизга ортиқча вазнга эга зобит, ички ишлар ходими керак эмас. Бу ҳолатда қандай қилиб жиноятчини тутади? Спорт билан шуғуллансин. Бу менга эмас, ўзларига фойда. Муддат берамиз — уч ойми, олти ойми, шу вақт ичида ўзини ўнглаб, меъёрдаги вазнга тушсин», — деб айтган Президент.

Президент жисмоний тарбия ва спортга эътибор нафақат ушбу тизимларда, балки барча даражада кучайтирилиши, соғлом миллатга айланиш, салбий иллатлар, хусусан, ичкиликбозликка қарши мунтазам курашиш лозимлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳарбий ҳизматчилар ҳали ҳам «совет давридан қолган» кийимларда юргани, яқин орада бу борада ҳам ўзгариш бўлишини билдирди.

Аввалроқ Намангандаги фаоллар йиғилиши давомида Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида Алишер Усмонов номидаги бизнес марказ қурилишини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.