Қорақалпоғистондаги «динозавр тухумлари»ни кўрганмисиз?

АФСУСКИ, МАНА ШУНДАЙ АЖОЙИБ МАСКАНЛАРДАН ТУРИСТИК МАҚСАДДА ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИЛМАЯПТИ

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманига қарашли “Назархан” ОФЙ ҳудудида, Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автотрассасининг бўйидаги тепаликда юзлаб сочилаётган шарсимон тошларни кўп маротаба кўрсак ҳам, унчалик эътибор қаратавермаймиз. Дунёнинг баъзи давлатларида шу каби тошларни оғзаки тилда “динозавр тухумлари” дейишади. 
Маълумотларга кўра, уларнинг ёши 50-60 млн. йилни ташкил қилади. 

Фанда “Моераки тошлари“ деб ном берилган шарсимон тошлар геологик нуқтаи назардан олиб қараганда, кальций билан океаннинг минераллашган тузларининг ҳамда созли тупроқнинг бирикишидан ҳосил бўлади. 

Нукусдан 30 км. олисда жойлашган Амударё туманидаги ушбу тошлар Тэтис уммони эсдаликларидир. 

Миллион-миллион йиллар аввал уларнинг диаметри 2-2,5 метр катталикда бўлган. Вақт ўтиши билан емирилиб, қобиқларини ечиб ташлаган. Ҳозирда буларнинг диаметри 0,3-0,5 метрлар атрофида. 

Бу каби шарсимон тошлар Янги Зеландия оролларида, Австралияда ва Қозоғистоннинг Манқишлоқ вилоятларида ҳам учрайди ва туристларнинг севимли объектларига айланган. 

“Назархан“ ОФЙ турғуни Онгарбай оғанинг таъкидлашича, шундай шарсимон тошлар ҳудуддаги бошқа жойларда ҳам кўплаб учрайди. Агар ушбу тошларнинг таги кавланса, қозондек келадиган қобиқлари чиқади. Маҳаллий аҳоли эса у қобиқларни уйларига пойдевор сифатида фойдаланиш учун қазиб олмоқда. 

Баҳор келиши билан ушбу ҳудудлар ўзига хос ажойиб манзара ҳосил қилади. Саёҳатга чиқувчилар тошлар қошида селфига тушади. 

Нукуслик олим Юсуп Камалов эса кун илиши билан “динозавр тухумлари” сочилган тепаликларда дельтапланда учишни хўш кўради. Ёз ойларида эса яқин жойлардаги тузли кўлларда одамлар даволаниш учун ташриф буюради. 

Афсуски, мана шундай ажойиб масканлардан туристик мақсадда оқилона фойдаланилмаяпти.

Е.Қаноатов