Мазлумхон сулув – мангу муҳаббат меъмори


Булбулга мастона боғ сайли ортиқ,
Шиддаткор бургутга ов майли ортиқ.
Мен учун дунёда ҳар бир гулшандан,
Шу чангли-тўзонли Хўжайли ортиқ.
Хайитбой Абдусодиқ
.

Мазкур тўртлик ҳар бир хўжайлиликнинг мадҳиясига айланган, десам асло янглишмайман. Сабаби инсоннинг туғилиб ўсган ери, илк тетапоя қадамлари тушган тупроқ – унинг Ватан ичра мўжаз Ватани ҳисобланади. Хўжайли ўз қаърига тарих зарварақларини сингдирган, буюк алломалар-у мутафаккирларнинг қадами етган макон. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Хайитбой Абдусодиқ ўзининг қатор тўпламларида Хўжайли ва ундаги тарихий қалъалар ҳақида маълумотлар келтиради. Ўзи туғилган туман тарихини куюнчаклик билан ўрганган журналист дейиш мумкин. Бунга унинг “Хожели – Хожа-эли”, “Аслим АСЛим Хўжа эли” каби тўпламлари яққол мисол. Мақолани тайёрлашда мазкур тўпламларда келтирилган маълумотлардан фойдаландим.
Хўжайлидаги тарихий қалъалардан бири – Миздакхон комплекси туманнинг “ташриф қоғози”га айланган. Сабаби, бу ерда жойлашган обидалар, ёдгорликлар ўзининг қадимийлиги ва турли афсоналари билан инсонларни ўзига оҳанграбодай мафтун этади. Миздакхон қалъаси 200 гектардан зиёд майдонни эгаллаган бўлиб, Гаур қалъа, Жўмард қассоб, Ҳалфа Ражаб, Шамун Набий ва Мазлумхон сулув ёдгорликларини ўз ичига олади.

Ер остига қурилган мақбара

Миздакхон комплексининг энг йирик намунаси Мазлумхон сулув ёдгорлигидир. Назлимхон сулув тарзида ҳам айтилади. Бошқа обидалардан ажралиб турувчи фарқи – у ер юзида эмас, аксинча ер қаърида бўй тиклаган. Меъморий обида XIII-XIV асрларга оид бўлиб, деярли ўн метр ер остида қад ростлаган. Маҳаллий халқ орасида “қиз уйи”, “сўфининг қизининг уйи” ёки “саройи” номлари билан машҳур.
Умумий майдони 30х3 метр бўлган бинонинг ичкарисига зинапоялар ёрдамида тушилади. Дастлаб, гумбаз билан бостирилган деворлари ва бурчаклари турли хил нақшлар билан безатилган тўрт бурчакли кичик хонага кирасиз. Сўнгра узун даҳлиз бўйлаб қўйилган зиналар ёрдамида саккиз метр пастда жойлашган катта марказий залга ўтасиз. Деворлари дунёнинг тўрт томонига қарата қурилган мазкур зал саккиз қирли катта гумбаз билан бостирилган. Деворлардаги ғиштлар орасига қўйилган “гулбоналар” кўз олдингизда осмондаги юлдузларни эслатади. Ҳар бурчагига битилган зина тарзидаги нақшлар билан сталактитлар моҳирона ишланганини кўришимиз мумкин. Янада юқори томонида гумбазнинг ҳар қирига бир-бирдан ўрнатилган битик нақшли саккиз панжара марказий зални кундизи ёритиб туришга хизмат қилади.
Марказий залнинг шимол ва шарқ тарафида усти ярим гумбаз шаклида олд томони очиқ супали жойлар қурилган. Ҳар иккаласида ҳам қабр бор. Ривоятларга кўра шимолдагиси Назлимхон сулу исмли қизга, шарқдагиси шу бинони қурган уста йигит Абдуталипга тегишли. Қабрларнинг устларига ишланган сағаналар бузилиб, бугунги кунда уларнинг паст қаторларигина сақланган. 1928-1929 йилларда ёдгорликда қазишма ишларини олиб борган профессор А.Ю.Якубовскийнинг ёзишича бу сағаналарнинг иккитаси ҳам олтин плиталар билан безатилган бўлиб, деворларида форс тилида ёзилган фалсафий қаторлар бўлган. Ёзма манбалар профессор А.А.Некрасов томонидан ўқилиб, тушунча берилишича, улардан бирига форс тилида “Умр ажойиб, лекин унинг абадий эмаслиги ўкинчли” дея ёзилган.

Мазлумхон сулув афсонаси

Айтишларича, бир хоннинг Мазлумхон сулув исмли ғоят гўзал қизи бўлган экан. Қиз балоғатга етгач, унга турли жойлардан сўраб келувчилар кўпайибди. Шунда хон жарчилар орқали кимда ким қизи учун ёзда салқин, қишда иссиқ бўладиган сарой қурса, шу инсонга қизини беришини маълум қилади. Шарт шундайки, бу саройда ҳавонинг ҳар доим тоза бўлиши таъминланиши, ёзда деразаларини очилиб шамоллатмаслига, қишда ўтин ёқиб иситмаслиги керак экан.
Қиз қўлидан умидвор бўлганларнинг кўплари шартни бажариб бўлмаслигини айтиб, бу ишдан воз кечишибди. Шунда бир ёш йигит ўртага чиқиб, хоннинг шартини бажариш унинг қўлидан келишини айтибди ва иморат учун жойни Антакия тепалигининг энг баланд жойидан танлаб, қурилишни бошлабди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, сарой қурилиши ниҳоясига етибди. Уни томоша қилишга келганлар маҳобатли қаср ўрнида

одам бўйи келадиган эшик пештоқларини, бўйи ундан ҳам пастроқ бўлган гумбазни кўришиб, ҳайрон қолишибди. Шуннда йигит иморатни кўришга келганларни эшик орқали тушадиган зинапоядан пастга қарай бошлабди. Гап шундаки, иморатнинг икки-уч одам бўйи келадиган асосий қисми ер остида жойлашган экан. Саройнинг ер ости қисми ниҳоятда кенг ва улуғворлигини, ҳавосининг мўътадиллигини, кошинларнинг сержилолигини, катта-кичик гумбазларнинг туйнукларидан тушиб турган офтоб нурларининг жилвакор товланиб, бинонинг барча жойига ёруғлик бахш қилиб турганлигини кўрганлар йигитнинг ақлу-заковатига, тадбиркорлигига таҳсинлар айтибди.
Саройнинг асосий қисми ер остига жойлаштирилганлиги унинг ёзда салқин, қишда иссиқ бўлишини таъминлар экан. Бинода деразалар йўқ бўлиб, ичкарига ёруғлик тушиши ва ҳаво алмашиниши гумбазлар тепасида қолдирилган махсус тешиклар орқали бўларкан.
Ҳозир бўлганларнинг барчаси шартнинг бажарилганлигига кафил бўлибдилар. Хон ҳам шунга розилик бериб, тўй кунин белгилабди.
Лекин бу орада бахтсизлик рўй бериб, хоннинг қизи тузалмас бир касалликга чалиниб, вафот этибди. Бутун элу халқ азага чўмиб хон қизини унга атаб қурилган ушбу сарой ичига дафн этибди. Қиз қабрига ҳар хил гуллар ва фалсафий битиклар ўйиб туширилган хонтахта ўрнатилибди. Шу ондан бошлаб бу сарой “Қизнинг уйи” деб аталиб, қиз қабри одамларнинг зиёрат қиладиган қадамжоларидан бирига айланибди.
Орзуси ушалмаган йигит эса кўпинча саройнинг энг катта гумбази устида ўтириб тиловатлар ўқир, гумбаз туйнугидан кўриниб турадиган қиз қабрига қараб нолалар чекаркан. Кунлардан бирида у гумбаз тешигидан ўзини пастга ташлаб, қизнинг қабри ёнида вафот этибди. Йигитни ҳам шу саройга дафт қилишибди.

Атаманинг келиб чиқиши

Агар мажмуага дафн этилган қизнинг аристократлар оиласидан чиққанлигини, қабртошга форсий тилдаги сўзлар ёзилганлигини назардан қочирмасак, топонимнинг ўзагида одам исми эмас, балки унга берилган сифат ётганлиги эҳтимолга яқинроқ. Халқ орасидаги афсона руҳига кўпроқ Мазлумхон сулув (аниқроғи – Мазлум Хонсулув) яъни форсий тилдаги мазлум – “қийналган”, “жабр чеккан”, Хонсулув қизнинг номи ёки сифат шаклига яқин келади. Шунингдек бу вариантини ҳам кўриб чиқиш керак: туркий халқларда араб тилидан ўтган Мазлума деган аёл-қизларнинг исми бор.

Миздакхоннинг бугуни

Миздакхон комплексида Мазлумхон сулув ёдгорлиги каби ўзининг сирли ва гўзал тарихига эга Жўмард қассоб, Ҳалфа Ражаб, Шамун Набий каби ёдгорликлари мавжуд. Уларнинг ҳар бири алоҳида бир мавзу. Муҳими бу ёдгорликлар Хўжайли тарихини ўзида мужассам этган. Ота-боболаримизнинг сабру-қаноати, чидам ва бардошига йўғрилган бу ёдгорликлар ўтмишдан сўзлайди.
Ўтган асрнинг 30- йилларида Миздакхон комплексида қазишма ишлари олиб борилди ва кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди. Изланишлар натижасида турли ашёлар топилган. Мазлумхон сулув ёдгорлиги 80- йилларда қум билан кўмилиб, қумда қолган, гумбазининг ярми синган ҳолатда бўлган. Очиб, тозаланиб, қайта реставрация қилинган. Том маънода бу ёдгорликни муҳаббат меъмори, мангу ишқ қурувчиси, дейиш мумкин.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар Миздакхон коммплексига бўлган эътиборни янада оширди. Қорақалпоғистон Республикасида иккита алоҳида археологик аҳамиятга эга манзил сифатида киритилган ёдгорликлардан бири Беруний туманидаги Ақшахан қалъа ёдгорлиги бўлса, иккинчиси мазкур Миздакхон комплексидир.
Тарихий жойларга қанча эътибор кучайгани сари, тарих янада намоён бўла бошлайди. биргина Миздакхон қалъаси ўз қаърига олам-олам сирларни яширган. Уни фақат шу ерларга келиб кўрганларгина ҳил этади.

Одилбек ЛАТИПОВ.