​​«Нархи қанча дипломни, айтинг, ҳаммасини сотиб оламан!»

Адлия вазирлигининг «Инсон ва қонун» журнали навбатдаги сонида Тошкентдаги олий таълим муассасаларида диплом ишлари неча пул туриши ҳақида мақола эълон қилинибди. Таъкидланишича, битирувчиларнинг диплом ёздириш нархлари диплом иши мавзуси ва олий юртининг нуфузига қараб турлича белгиланади, деб хабар беради Ўзбекистон 7 кун.

Жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари (бўлажак ўқитувчилар, таржимонлар) учун диплом ёзиб бериш нархи 200 АҚШ доллари, Тошкент давлат юридик университетида (бўлажак прокурорлар, судьялар, адвокатлар, ҳуқуқшунослар учун) 500—800 АҚШ доллари, Тошкент молия институтида (бўлажак иқтисодиётчилар, молиячилар) 500 АҚШ доллари, Тошкент тахборот технологиялари университетида (бўлажак алоқачилар, АКТ мутахассислари) 200—400 АҚШ доллари, Тошкент давлат педагогика университетида (бўлажак ўқитувчилар) 100—200 АҚШ долларигача фарқланади.

Шунингдек, ўрганишлар натижаларига кўра, диплом ишларининг муаллифлари ҳам аслида янги нарса ёзмасдан, архивдан эски диплом ишларини олиб, у-бу жойига ўзгартириш киритиб, эгаларига пуллайди.

Мана шунақа — олийгоҳга кириш имтиҳонларини сотиб олганлар кейинчалик олийгоҳни битириш имтиҳонларини ҳам, меҳнат фаолиятларини бошлаш учун лавозимни ҳам сотиб оладилар. Шундай қилиб ҳаммаёқда «ол-ол», «сот-сот», кейин эса одамлар ўзларидан фаришта ясаб: «Ҳаммаёқ порахўрлик бўлиб кетди, ҳаммаёқ коррупция!», деб нолийдилар.