Президент мактабида ўқиш қандай бўлади? Инглиз тили ўқитувчилари Кембриж университетидан келиши ростми?

«Фарзандингиз Президент мактабида ўқишини истасангиз, инглиз тилини ўргатишни бошланг».

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзбекистонлик ота-оналарга шундай маслаҳат берди.

«Президент мактабларида қабул ва таълим жараёни Буюк Британиянинг Кембриж университети билан ҳамкорликда олиб борилишини инобатга олиб, инглиз тили ўрганиш муҳимлиги ҳақида эслатиб ўтмоқчиман. Албатта, ҳали имтиҳонларнинг қандай ўтиши ҳақидаги маълумотлар мутахассислар томонидан ишлаб чиқилгандан кейин батафсил эълон қилинади. Инглиз тилини ўрганишни эса ҳозирдан бошлаш керак. Мактабда асосий фанлар хорижий педагоглар томонидан инглиз тилида олиб борилгани учун ҳам ўқиш жараёнида инглиз тилини билиш жуда зарур», — дейди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг сўзларига кўра, болаларга БМТнинг олтита расмий тили (инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз)дан камида иккитасини тўлақонли билиш имконияти яратилса, уларни келажакдаги муваффақиятларига мустаҳкам пойдевор қўйилган бўлади. Инглиз тилини мактабдан ташқари пайтларда ўрганиш имкониятлари ҳам жуда кўп: Шерматов хорижий тилларни ўрганишда асқотадиган интернетдаги фойдали ресурслар айримларини рўйхатини келтирган, деб хабар беради Ўзбекистон 7 кун.

«Интернет ёмон ишлайди, деган иддаолар инглиз тилини ўрганмасликка баҳона бўлмаслиги керак. Оддий мисол, — Ўзбекистондан ойига икки миллиондан ортиқ фойдаланувчи “Одноклассники”да фаол, 1 миллион атрофида Фейсбукда, Teлеграмда қанчалиги аниқмаску-я, лекин унинг дунёдаги 200 миллионлик аудиториясида энг катта ўринлардан бири айнан Ўзбекистонга тўғри келади. Бу ижтимоий тармоқларда бекор вақт кетказишдан кўра, уларнинг имкониятларидан фойдаланиб ҳам инглиз тилини ўрганса бўлади», — дея таъкидлаган вазир Шерматов.