Реалга хос бўлмаган “реаллик“

Ҳар қандай клубда ўзига хос юксалиш ва инқироз даври бўлади. Эътиборлиси, уларда бу жараённинг қанча вақт давом этиши.
Бу икки ҳолатни бир клуб мисолида яққол кўрса бўлади. У ҳам бўлса Реал Мадрид. Дунё футболи тарихидаги энг совриндор, энг буюк ва энг номдор жамоалардан бири. Рамзида тож акс этган “Қироллик клуби“ учун бошқа таърифнинг ҳам ҳожати йўқ аслида. Футбол мухлислари бундай жамоаларни, дахшатли ўйинлари, қайд этган супер натижалари, юлдузлари ва ҳоказолар билан эсга олишади. Ўтган мавсумда шоҳсупадаги Реал қандай эсга олинса, жорий мавсумдаги ҳолат ҳам сира эсдан чиқмайдиган бўлиб қолмоқда.

Ой этак билан ёпилмас.

2017-18-мавсум кўнгилдагидек якунлангандан сўнг Мадридда турли хил гап сўзлар тарқала бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ, кутилмаганда жамоа етакчиси Роналду ва бош мураббий Зидан клубни тарк этди. Бундай тушунарсиз ҳолатдан ичида ғулғула пайдо бўлган мухлислар, Реал Мадриддек жамоа бу муаммога ҳам ечим топа олишига ишонишди. Табиики, бундай жоиз бўлса улкан йўқотишнинг ўрнини қоплаш ҳатто Реал учун ҳам қўл учида битадиган иш эмас. “Шох“ ва “фарзин“ йўқотилган бундай вазиятда трансфер бозоридан керакли бўлган “фигуралар“ни харид қилиш талаб этилар эди. Азар, Наймар, Кейн каби бир қанча етакчи футболчиларнинг жамоада кўриниш беришини кўпчилик кутган бўлсада аммо якунда трансфер билан шуғулланувчи мутасаддилар Мариано Диаз, Браҳим каби оддий “пиёдалар“ни олиб келиш билан чекланди холос. Ваҳоланки бундан ҳам кўпроғи кутилган эди. Бир қарашда клуб раҳбарияти вазиятни ўнглашга ҳаракат қилоятгандек кўринар эди. Аммо муаммонинг осонликча бартараф этилоши мушкул эди. Яъни жамоа бош мураббийлигига тажрибали мутаҳасис,Испания терма жамоаси устози Хулен Лопотеги таклиф этилди. Мазкур ҳолат туфайли терма жамоа мураббийлигидан четлатилган Лопотеги қўл остида жамоа қониқарсиз натижалар қайд этди, ўртамиёна жамоаларга қарши кетма кет мағлубиятлар, эл классикодаги қахшатғич зарба ва ҳоказо. Шу тариқа Зидан 78 та ўйинда қайд этган 6 та мағлубиятни, 14 ўйинда амалга оширган Испаниялик мутаҳасиснинг сафари қариди. Ундан сўнг жамоани “Cастиля“ бош мураббийи Сантяго Солари вақтинчалик қабул қилиб олди. Нисбатан натижалар яхшилангангандан сўнг клуб, мураббий билан янги шартнома имзолади. Секин-секин Реал ўз ўйинини топиб бораётган эди. Бироқ барқарорликни сақлай олмаган жамоада, мавсумнинг иккинчи ярмига келиб камчиликлар юзага кела бошлади. Бало келса қўшалоқ келади деганларидек Мадридликлар бир йўла бир нечта мусобақадаги иштирокини якунладилар. Мавжудларида ҳам соврин учун анча узоқ кетиб қолдилар.
Аслида кетганларнинг ўрни айнан уларнинг даражасидагилар билан тўлдирилмаганлиги бугунги натижаларнинг асосий омили эканлиги барчага аён.
Бу муаммо фақат бир томондан ҳал қилишга урунган Реал, “кутилган“ маррага етиб келди.

Калаванинг учи нимада ёки кимда?
Айни дамда, ҳар қанақасига ишлари юришмаётган Реал аслида бошқача бўлиши керак эди. Яъни Роналду кетганидан сўнг бир нечта футболчилар етакчиликни ўз қолига олиши керак эди. Шундай ҳам бўлди. Модрич, Рамос, Бензема. Ҳаммадан ҳам кўпроқ Бейлнинг бу ўринни эгаллаши “ўйланган“ эди. Аммо жароҳатлардан боши чиқмай қолган футболчи ўз спорт формасини йўқотиб, ҳатто асосий таркибдан ҳам мунтазам жой олиши қийин кечмоқда. Кўпчилик жамоага идеал даражадаги ҳужумчи кераклиги ҳақида жар солаётган бир пайтда,зимдан кўринадики Реалнинг ҳимоя зонасида ҳам камчиликлар бисёр. Тўгри Рамос ва Варан ҳимоянинг асосий қўриқчилари, лекин кетма кет дискваливикациялар туфайли Рамоссиз Реалнинг ҳимоя қўрғони бир эмас бир неча маротаба ишғол этилганлигининг гувоҳига айландик.
Айни дамда жамоа яхши ўйин кўрсатмаса, кутилган натижага эришмаса ҳамма айбни мураббийга тўнкаш, янги мураббий олиб келиш одат тусига кириб қолди. Биз бундай ҳолатни аутсайдрлардан тортиб грант клубларгача гувоҳи бўлмоқдамиз. Бундай ҳолатларнинг баъзилари иш бераётган бўлса, баъзиларида аксинча.

Солари кетганидан кейин ҳам, қандай мураббий келишидан қатъий назар вазият ҳа деганда ўнгланиб қолмайди.
Бир томонда спорт формасини йўқотиб, захирага михланган ва келишмовчиликлар туфайли “кета

ман“га тушиб олган Марсело ва Рамос, бир томонда аввалги ўйинларини намойиш эта олмаётган, майдонда бор йўқлиги билинмайдиган Кросс, Асенсиё, Бензема, Куртуа ва яна бир томонда эса майдондан ташқарида “аччиқланаётган“ Бейл ва Иско.
Албатта жамоада Модрич, Васкес, ёш бўлишига қарамасдан иштиёқ ва шижоат билан ҳаракат қилувчи Винициус каби футболчилар ҳам бор, аммо қайд этилаётган натижалар уларнинг ҳам рухиятига таъсир этаётгани кўриниб турубди.
Айни дамда бу клуб ҳақида гап кетганда ҳар иккита гапнинг бирида Роналдо, Зидан ва албатта Перез исмлари айтиб ўтилади.
Шунчаки ҳақиқатни тан олишни истамаган Фларинтино Перез балким Реалдек жамоанинг тақдири “бир, иккита“ инсонга боғлиқ эмаслигини исботлаш мақсадида шундай йўл тутгандир? Ҳар ҳолда трансфер бозоридаги ўта сусткашликка бундан бошқа нарсани сабаб қилиб кўрсатиш қийин. Қолгани эса шунчаки мантиқсизлик холос. Клуб раҳбари ҳақида қандай гап айтилиши керак бўлса аллақачон айтиб бўлинди. Фақатгина шуни хулоса қилиш мумкинки, Реалнинг қўрқинчли филмидаги асосий қаҳраман Перез.

Дадажон Фозилжонов.