Танқид остидаги “танқид” – таҳлил

Қаламни болта деб ўйлайдиганларнинг кўзига токқайчи ҳам болта бўлиб кўринавераркан…
Демоқчиманки, бугунги кунда жамиятнинг “эгри ниҳоллари”га ишлов бераётган журналистика соҳасини танқидчилик билан алмаштириб, иккисини бир-биридан ҳамон фарқлолмаётганлар афсуски кўп.

Шу ўринда ўзимни ва кези келганда сиз муштарийларни қийнаб келаётган бир саволга озгина ойдинлик киритмоқчиман.
Журналистика аввало, танқидчилик ва ғийбатшунослик эмас! Журналистика бу – демократия ойнаси. (у давлат ва ҳокимиятнинг вазифаларини бажарувчи ва бажартирувчи ишончли қўл ҳамда халқнинг қувончу қайғусини тинглаган ҳолда ўша муаммоларга ечим топиш учун йўлга отланган оёқ кабидир).

Танқидга келсак…
Бизнинг Kar24.uz сайтимиз орқали кўпгина танқидий ва таҳлилий, одамларни муросага чорловчи материалларни бериб бормоқдамиз. Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаат ва таклифлар ва фактларга таянган янгиликларимиз ўз навбатида аудиториянинг фикр мулоҳазаларига, керак бўлса ечим ва хулосаларига сабаб бўлмоқда.

Албатта, биз ҳам оз бўлсада халқимизнинг оғирини енгил қилсак, қайсидир юртдошимизнинг муаммосига ечим топсак бошимиз осмонга етади. Бироқ афсуски, сайтимизни танқидчи-ғийбатчига чиқариб қўяётганлар ҳам учраб турибди. Айтайлик, сайтда эълон қилинган қайсидир мақола ёки янгиликдан камчилик ахтарилиб, баъзида танқид остидаги танқидларга сабаб бўлмоқда.

Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, сайтимизнинг мақсади кимнидир камситиш, ёки қайсидир идора-ташкилотнинг камчиликларини фош қилиб, мутасаддилар фаолиятига тош отиш эмас, балки ўша муаммо ва масалаларга ечим топиш, қолаверса, Қорақалпоғистон янгиликларини тезкор ва ишончли равишда халқимизга етказишдан иборат.

Ўзи, аслида инсон табиати қизиқ: мақтовни жон қулоғимиз билан эшитамиз-у, танқидни кўрарга кўзимиз йўқ. Аммо қачонгача? Қачонгача биз журналистлар “сен тегмасанг мен тегмайман” қабилида ижод қиламиз. Ахир конститутциямиз ижод аҳлига сўз эркинлиги, фикр эркинлигини тақдим этган бир пайтда, жамиятдаги муаммоларни кўриб кўрмасликка, билиб, билмасликка олиш бу ожизлик эмасми?

Эҳҳ, менинг содда ва танти халқим, танқиднинг таҳдид эмаслигини, журналистлар замонанинг “қоработир”лари эмас, аксинча, давлат ва халқнинг чинакам қўлқанотлари эканини қачон тушуниб етасан-а….

Азиза Мадраҳимова.