Ички ишлар органлари ходимларининг малакаларини оширишга қаратилган сайёр ўқув йиғинлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти томонидан шу йил февраль ойи якунида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва март ойи бошида Хоразм вилояти ИИБ туман-шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма, бўлим ва ички ишлар бўлимларининг барча тоифадаги раҳбарлари ҳамда профилактика инспекторларини хизматдан ажратмаган ҳолда жалб этилиб, ташкил этилган 5 кунлик сайёр ўқув йиғинлари ИИВ Қорақалпоқ ҳамда Хоразм академик лицейларида ўтказилди.

Ҳар иккала ҳудуд бўйича ҳам истиқболли ёш кадрлар заҳирасига олинган ходимлар билан бошқарув қобилиятларини шакллантириш бўйича ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Галдаги малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари Бухоро вилоятида ўтказилмоқда. Ўқув жараёни “Модуль тизими” ва тўпланган тажриба асосида айнан ушбу ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳамда ходимлар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш учун ўқув дастурларига тегишли ўзгартириш киритилиб, ташкил этилаётганлиги ўқув йиғинларининг сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Бунда ходимлар инновацион педагогик ва ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида жиноятчиликка қарши курашиш, тергов қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси, “Хавфсиз шаҳар” концепциясини асосий моҳияти, жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш жараёнида, шунингдек шахсий таркиб билан ишлаш ва уни тарбиялашга йўналтирилган фаолиятда инновацион хизмат усулларини қўллаш ва бошқалар бўйича ўқув ва кўникмалар ҳосил қилмоқдалар.

Малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари якунлари бўйича ходимларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилмоқда.