Ўзбекистонда менингит аҳоли ўртасида кенг тарқалгани ростми?

Ўзбекистонда менингит касаллиги тарқалганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар пайдо бўлгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш ишлари олиб борди. Аниқланишича, 21 ёшли фуқаро менингит хасталигидан вафот этган (қаерда, қачон — буниси айтилмаган). «Сабаби эса тиббий ёрдамга кеч мурожаат этганлиги билан боғлиқ», — дейилади вазирлик ахборотида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, менингит мавсумий касаллик бўлиб, Ўзбекистонда учраб туради ва ҳар йили 5 тадан 10 тагача қайд этилиши мумкин. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳаммаси бўлиб, 17 нафар фуқаро ушбу касалликда гумон қилинган. Уларнинг 6 нафарида лаборатория текшируви орқали касаллик тасдиқланган, деб ёзмоқда Ўзбекистон 7 кун.

«Айни пайтда ўткир респиратор касалликлар яъни, фарингит, назофарингит каби хасталикларга чалинган фуқаролар орасида касалликни эрта аниқлаш бўйича тиббиёт ходимларининг ҳушёрлиги оширилган. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тўлиқ назорати остида. Энг муҳими, менингит аҳоли ўртасида кенг тарқалмаган, эпидемик вазият барқарор», — дея баёнот бермоқда вазирлик.

«Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, менингит хавфли касаллик эмас. Агар у илк босқичларда аниқланса, ушбу хасталикдан осон фориғ бўлинади. Шунинг учун аҳолининг бундан хавотирга тушишига ҳожат йўқ», – дейди вазирлик бош эпидемиологи, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Нурмат Атабеков.