Yak. May 26th, 2019

Kar24.uz

Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

«Telegram»даги “тарқат-тарқат“

1 min read

Донолар бисотида шундай жумлалар бор: “Атрофдаги дўстсифат ҳийлакорларга нисбатан соддалик инсоннинг заифлигидандир. Ҳолбуки, инсон ҳар қандай ваъдага алданавермасдан, ҳар бир йўл кўрсатувчига ишонавермаслиги лозим.“
Бугунги глобаллашиб бораётган замонда доноларнинг бу каби пурмаъно фикрларини ҳали кўп ўқишимиз керакка ўхшайди…
Тўғрироғи, ўқияпмиз аммо ҳамон уқмаяпмиз. Бундай дейишимнинг сабаби, ўша фикрда айтилганидек, билиб-билмай ғараз ниятли кимсаларнинг тузоғига тушиб, уларнинг “қил“ деганини бажариб, “тарқат“ деганини сўзсиз тарқатиб юрганлар ҳам учраб турибди.
Яқиндагина “Телеграм“ ижтимоий тармоғида бир хабарни ўқиб қолдим. Хабарнинг дастлабки қисмлари қандайдир ғалати, тушунарсиз сўзлар билан бошланганди. Негадир охирги якуний қисмлари эсимда қолди: “Кимки бу хабарни фалон кишига тарқатса, фалон кун ичида хушхабар эшитади. Кимки бу хабарни эътиборсиз қолдирса, бошига кулфат етади.“
Ҳайрон бўлдим. Наҳотки, энди интернетда бундай бало ҳам чиққан бўлса!
Ўзи, инсоният ахборот асридаги турли хил ахборот “хуруж“ларига қарши курашаётган бир пайтда… Энди буниси ортиқча. Сўзим аввалида ижтимоий тармоқлардаги бу каби номаълум ва ғайритабий хабарларни “бало“, дея аташимга асос бор.

Ўйлаб қоласан киши, бир қарашда унчалик эътиборни тортмайдиган, аммо “Telegram“даги фойдаланувчилардан фойдаланувчиларга ўтиб, тарқалиб юрган бунингдек шубҳали хабарларнинг муаллифи ким? Уларнинг асл мақсади нима?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида дин соҳасида маълум тажрибага эга, мутахасисс уламолар фикрини тингладик. Улар бу каби ёлғончи ва келиб чиқиши мавҳум бўлган хабарларга ишонмасликни ҳамда ижтимоий тармоқлардан эҳтиёткорона фойдаланиш керак эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Азиз муштарий, биз ким учундир хулоса чиқаришдан йироқмиз. Чунки ҳар ким ўз дунёқарашидан, ўз маънавиятидан келиб чиқиб хулоса қилади. Айтмоқчи бўлганим,
“Telegram“даги бундай “тарқат-тарқат“ қабилидаги хабарлар биз каби мустаҳкам, аҳил жамиятни тарқатишга қаратилмаганмикан…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

      KAR24.UZ» сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин. «KAR24.UZ» Гувоҳнома: №710177. Берилган санаси: 10.04.2019 йил. Муассис: «Kar24» News Media МЧЖ. Электрон манзил: kar24@mail.ru Телефон: +99891 2702198 Сайтда эълон қилинаётган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар Kar24.uz таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги ҳам мумкин.            
Kar24.Uz 2018-2019 | Web dizayner   BekWEB