Ўзбекистонда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиши мумкин

Гап ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ҳамда 17-20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари ҳақида кетмоқда. Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан шу масалани муҳокама қилган.
ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, Аҳмаджонов ва Инфантино Цюрих шаҳридаги ФИФА қароргоҳида учрашган.
“Умид Аҳмаджоновнинг ташрифдан кўзлаган асосий мақсади ФИФА таснифидаги халқаро тадбир ва мусобақаларни Ўзбекистонга олиб келиш бўлиб, ЎФФ Президенти Жанни Инфантино билан ўзаро суҳбат чоғида ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 17 ва 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш масаласини қизғин муҳокама қилди”, дейилади хабарда. Бу ҳақда ББС хабар бермоқда.

ЎФФ да молиявий жиҳатдан шафофлик бўйича янги стратегик режа барпо қилаётган Умид Аҳмаджонов ФИФА раҳбари билан “Форвард” лойиҳаси бўйича музокаралар олиб боргани айтилган.
Натижада, ФИФа Ўзбекистонга икки йилнинг ичида 5 миллион АҚШ доллари ўтказиб беради.
Ўзбекистон футбол бўйича жаҳон миқёсида чемпионатларга мезбонлик қилмаган.
ЎФФ федерациясини бир неча муддат бошқарганидан сўнг ва маҳаллий матбуотнинг кескин танқидлари остида Мираброр Усмонов ўрнини Умид Аҳмаджоновга бўшатиб берган эди.
Келиб чиқиши жиззахлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг жияни Бобур Шодиев Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси бўлган.
Цюрихга Бобур Шодиевнинг ҳам боргани айтилмоқда.