Сб. 30 мая, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Афти қийшиқлар ойнадан ўпкаламасин

Нукусда, университетда таҳсил оламан. Вақтинчалик бошпанам – квартира ўқув биносидан узоқ эмас. Йигитлар ётоқхонасидан, асосан, вилоятлик талабаларга жой беришади. Бизга қолгани шу – квартира. Бошпанам йиғлагудек эмасу, аммо кўз юмадиган жойлари ҳам топилади. Собиқ иттифоқ даврида ўзимизнинг ишчи боболаримиз қурган тураржойлар. Билмадим ёши ҳозир нечада экан. Ҳар ҳолда навбат бизга етгунча оз хизмат қилмаган. Бир-икки йилга бузилармиш, деган гаплар ҳам бўларди. Хуллас, қандай бўлмасин одам яшаса, ўлмайдиган жойлар. Аммо бизнинг нигоҳимиз бу ерлардан бироз узоқ. Бухоронинг айрим туманлари бўрондан кейинги ҳолати, Сардобадаги талофатлар ҳақида гурунглашамиз. Шу ўринда негадир бировни эслагим келди. Исмини билмаганингиз маъқул. Бир курсдошим гап орасида тез-тез такрорлаб қўярди: яшасин, яшасин қон-қонимизга сингиб кетган коррупция, уррра яшасин! Эътибор билан қарасам кўзида нам кўринади. Сўраб билсам, кимдир порахорлик жинояти билан воқеа жойида ушланганлиги хақидаги хабарни ўқиган экан. Келинг мавзуга қайтсак. Ҳеч қаерда ўқимаган, ўз меҳнатлари билан ишини ўрганган оддий пахсакаш, пойдевор тикловчи, сувоқчи ҳам ишига кафолат беради. Нима дерди? Менинг эшитганим бор: ҳеч бўлмаганда, нарёққа кетгунимча уйинг сени босиб қолмайди. Қўрқмагин. Бухорода қурилиши яқин йилларда тугалланган боғчаларнинг, мактабларнинг ярми бутунлай яроқсиз ҳолга келган бўлса, ишонасизми? Яқин йилларда фойдаланишга топширилган сув омборининг қайсидир дамбаси ёрилиб, бир неча туманлар сув остида қолганлигига ишонасизми? Ишонасиз. Халқ шунча меҳнатларига куйсинми, пешона теримиз билан топилган миллиён-миллион пулларга куйсинми, бугунги кўраётган кунига куйсинми? Халқ барига куяди. Куйиб-куйиб яшашдан бўлак нимани билсин. Ҳар замон телеканаллардан кўриб гувоҳи бўламиз. Ҳали тўлалигича тўловлари тўлаб бўлинмаган, номидан сифати узоқ намунавий жойларда яшаётган юртдошларимизнинг айтаётган дардлари бизни ҳам не кўйларга солмайди. Бир қарасанг хоналарнинг пахсаси ёрилган, бир қарасанг юқоридан томаётган сувни тутиб туриш учун пақир излаб тополмайсан, бир қарасанг кўлмакка айланган ер тўлалар… қолганини сиз давом эттиринг. Келинг, яна бир танишимнинг гапларини эслаймиз: (У ҳам қурилиш соҳасида ишлайди) жўра, мен кўп нарсани биламан. Қайси уйнинг қаерида хатоси бор, бир қарашда сезаман. Ахир ўзим ҳам ишлаганман. Лекин жимман. Индамайман. Иш керакми? Керак. Ойлик керакми? Керак. Буёғини анов кучигим ҳам билади. Шу десангиз энди ёшлари улуғ энамнинг гапларини айтиб ўтмасам бўлмайди. Демак, сўз навбати энамга: худодан қўрқмаган одам яхши бўлармиди; атрофидагилардан уялмаганнинг юзи куйсин. Гапим аввалида бошпанам яқинда бузилиши ҳақида айтиб ўтгандим. Балки, ғиштлари ҳали бус-бутун тургандир. Яна билмадим. Кўз-қулоқ бўлиб юрсангиз кўрарсиз. Нимагадир яраб қолар дейманда. Тўғрисини айтсам бошим оғриб кетди. Қўл ўлгур чарчади. Давомини кейин гурунглашамиз. Кўришгунча хайр.

Телбабоев Телба