Сб. 30 мая, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Янги ўқув йилидан ўқитувчиларлан конспект талаб қилинмайдиган бўлди

Ўқитувчиларни қийнаб келаётган катта муаммолардан бири бу конспект масаласи эди. Сўнги пайтларда “Фан ўқитувчилари кундалик дарс ишланмалар (конспект)ни электрон шаклда юритишлари мумкинми?”, “Ўқитувчилар карантин вақтида конспект ёзишлари шартми?” мазмунидаги саволлар кўпчиликни қийнаётган эди.

Бундан ташқари айрим «раҳбарлар» карантинда бекор қолдим деб ўқитувчиларга янгича ҳужжатлар турини кашф қилаётган эди. Натижада эса ўқитувчиларнинг куни ҳужжат излаш, нусха кўчириш, папкаларга тикиш ва ҳоказолар билан ўтиб кетаётган эди. Ва ниҳоят Халқ таълими вазирлиги қоғозбозликни камайтириш учун яна бир катта қадамни ташлади.

Кеча “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарор лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасида умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари томонидан юритиладиган ҳужжатлар сонини 3 тадан 1 тага қисқартириш кўзда тутилмоқда экан. Яъни ўқитувчиларда йиллик тақвим-мавзуий режa ва кундалик дарс ишланмалари (конспект дафтари) бўлиши шарт эмас.

Ўқитувчи томонидан синф журнали юритилишининг ўзи етарли бўлади. Журнал ҳам босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.

Ҳозирда “Ўқитувчи китоби”ни яратиш ва жорий этилиши орқали мактаб ўқитувчилари томонидан кунлик дарс ишланмаси (конспект) ёзиш талаби босқичма-босқич бекор қилиниши режалаштирилган.

Мактабга текширувчи келса у энди нимани текширади деган савол туғилиши табиий. Биз буни таҳмин қилиб шуни айтишимиз мумкинки, энди текширувчилар ҳам мактабга камроқ келади. Келган тақдирда ҳам бир хонага кириб олиб у ҳужжатни олиб келинг, бу ҳужжатни олиб келинг, конспект қани демасдан, ўқитувчининг дарсини кузатади. (агар сабри етса)

Текширувчи келгани ўқитувчилар иш фаолиятига умуман таъсир ўтказмайди. Кераксиз, самара бермайдиган, аслида ҳеч ким ўқимайдиган ҳисоботлар талаб қилинишининг олди олинади.