Вс. Окт 20th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Бош муҳаррир минбари: “Мен ғирт саводсизман. Саводим бўлганда, шу гапларни ёзармидим, шунча ёзадиган тадбирларим уюлиб турганда…”

Ҳашаматли, тепасига қарасанг телпагинг ерга тушиб сени “пазор” қиладиган уйларни ойликка қурдим, деса ичагинг узилиб куласан: Ахир қандай қилиб?! 4-5 миллион олсанг ҳам бундай кошона қуриб, “мошина” минишинг қорақалпоқча айтганда “шамали-ёв”. Бу гапни тентакка айтсанг ҳам ичини қашиб кулса керак, ана ўшанда “сен ўзи кимни тентак қиляпсан”, деб ёқанга мушт туширмаса менга кел.

Моашга қараган кунинг, ғирт менинг куним, яъни боғча пули, “чақириқ”, еб-ичим, уст-бош, йўл кира 4 миллион тугул 5 миллионни ҳам пул дегизмайди, бари бир етмайди. Мана ўшанда машина миниб, савлатли уйда чой ҳуплаб ўтиришни нақ тушингда кўрасан. Шу ўринда ўзимга-ўзим савол:  унақада айримлар қандай қилиб, бир ойликка шунча мол-дунё йиғади? Ўзи ойликка машина олса бўладими?.. Бу ўзи ҳаётий гапми?!

Саводсиз бўлсанг ҳам қийин экан. Мана шундай менга ўхшаб бўлмоғир саволлар билан бошқаларнинг мазасини олганинг қолади. Бундоқ қарасам, саводлига ҳам осон эмаскан: “ножўя” гапларинг билан баъзиларнинг мазасини қочирасан… Тўхта, ўзи бу дунёда кимга осон, кимга қийин?!

Куни кеча Президент Ш. Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Бош прокурор Отабек Муродовни порохўрликда айблади. Икки собиқ прокурор (Рашид Қодиров ҳам) устидан жиноят иши қўзғатилиши бутун халқни саросимага солиб қўйгани рост. Чунки халқнинг ишонгани прокуратура бўлса, яна ўзлари “Коррупция – ҳалокатга йўл”, деган “плакат”ларни ҳамма жойга осиб қўйса…

“Бунақа кетишда бўлса, прокуратура тизимини мутлоқа қисқартириб юбораман, кўпроқ ваколатни Адлия тизимига бераман”, деган гапни Сенат йиғилишида Президетнинг куйганидан айтганини халқ сезмайди, деб ўйлайсизми? Мана шу йиғилишда Ш. Мирзиёев Устюрт газ-кимё қурилишида 80 млн. доллар пора олингани ҳақида ҳам нутқ сўзлади. Буни эшитиб, Устюртга кўз тиккан халқнинг энсаси эрга тушиб кетганини кўрмасам ҳам сездим. Чунки ўша халқ орасида мен ҳам бор эдим. Олинган пуллар эвазига солинган ўша ҳашамдор уйлару машиналар энди энсамни кўтара олармикан?! Ахир бу пулга шаҳар қурса бўлардику?!

Коррупцияга йўқ деймиз!, деймиз. Нега фақат деяверамиз. Қачон ҳалол яшашни ўрганамиз?! Агар бас қилмасак, келажак авлодга ҳам буни аниқ ўргатамиз.

Яқинда қайсидир китобнинг бир жумласига кўзим тушди. Унда ёзилишича, порахўрга жазо ё фарзандлари ёки невара, эваралари орқали берилар экан. Етди авлод бўйи гуноҳ айланиб юрармиш. Айрим пора олиб, яйраб яшаётганлар ёки ғазнани билдирмай кемираётган баъзи кишилар ўзларича Жиноят кодексларидан қочиб юраверсин, майли. Бари бир уларга энг улуғ ва оғир жазони Жиноят кодекси бермаса, тақдир, албатда беради ва беражак…

…Мен ғирт саводсизман. Саводим бўлганда, шу гапларни ёзармидим, шунча ёзадиган тадбирларим уюлиб турганда. Нуқта.

Қ.Бегниязова