Пт. Авг 7th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

ГАЗЕТАНИ ЎЛДИРОЛМАЙСИЗ! AГАР ҚЎЛИНГИЗДАН КЕЛСА, БУТУН ТАРИХНИ ЁҚИБ ЮБОРИНГ! ШУНЧАЛИК ОҒИР ИШГА МАЖБУРСИЗ! ЁКИ “ЁВУЗЛИГИНГИЗ УЧУН СИЗНИ КЕЛАЖАК АВЛОД КЕЧИРМАЙДИ!”


Сиз журналист деганда, аслида кимни тушунасиз? Тушунганларингиз орасида журналист тушунчаси борми? Aгар Интернетдаги олди-қочди гаплар, лайклар, «подписчик» лар йиғиш учун турли хил видео чиқараётган, аксарият ҳолларда одамларнинг кўр-кўрона қизиқиши учун асоссиз ахборот тарқатаётган, Интернетга муккасидан кетган, бутун вужудини моддий маблағ кемираётган ҳамда журналистман, деб халқни бўлар-бўлмас ёлғон хабарлари билан давлат ташкилотларига қарши қайраётган, журналист этикаси нималигини билмайдиган, камера олдида, микрофон қўлида бўлса, журналистман дейдиган соҳта журналист ва соҳта блогерваччаларни ҳақиқий журналист ва уларнинг олиб бораётган жамиятга бир тийинга қиммат материалларини журналистика десангиз, қаттиқ адашган бўласиз…
  Aлбатта, журналистикада ҳозирги шиддатли замонда ўзгаришлар салмоғи катта. Чет эллик ҳамкасблар билан ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз тажриба, фикр алмашишяпти, бирини бири тўлдиряпти. Мақола ёзиш жараёнига янгиликлар оқими кучли, янги жанрлар кириб келмоқда. Олийгоҳлар журналистика бўйича янги китоблар билан бойитилмоқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, журналистик фаолият ҳар хил. Дейлик, босма нашрлар, матбуот, телевидение, радио, интернет журналистикаси. Биз бугун, яна ўша ижтимоий тармоқларда бонг урилаётган »газеталар фаолияти тугатиладими?», »газета ўлади» каби миш-мишларга тўхталамиз! 
 Ҳа, бугун ижтимоий тармоқлар ахборот тезлиги бўйича олдинлаб бормоқда. Лекин интернетни газетага таққослаш, ёки тенглаш жуда кулгули… 
  Ҳозирда республика миқёсида қанча газеталар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Қанча журналист, мухбирлар ўз фаолиятини матбуотда давом эттирмоқда. Ҳатто 500-700 та обуначиси бўлган газеталар таҳририятида атиги иккита ходим газетани сақлаб қолиш илинжида тиним билишмайди. Хўш, нима учун? Моддий маблағ учунми? Йўқ, «қашшоқлар» ча фикрламанг! Улар бугунги кунни фидокорона тарихга муҳрлашмоқда.  Сиз, ҳа айнан сиз, азиз интернет муштарийси! «Газета ўлади» дебсиз? Aгар газетани ўлдириш қўлингиздан келса, уни бутунлай йўқотмоқчи бўлсангиз, демак, сиз бутун бир давлатнинг тарихини ўчиришга бел боғлаган маънан қашшоқ одамсиз!  
  Марҳамат қилиб айтингчи, матбуотчиларнинг йиллар давомида тўплаган энг ишончли газетага муҳрланган тарихни, бутун «архив» ни ўчира оласизми? Ёқиб юборишга қўлингиз борадими? Улуғ устозлардан бир гапни кўп эшитаман: «Газета манглай теримиз». Ҳа, агар газетамиз бирор ноўрин жойда ётса, секин авайлаб олиб қўямиз (Устоз журналистлардан қолган мерос). Aлбатта, замонга мослашиш керак. Ҳозирда газеталарнинг веб-сайти, телеграмм каналлари, электрон почталари бор, албатта. Газета босилиб чиққач, обуначиларга шу сананинг ўзида тарқатилади. Электрон шаклда (PDF) ижтимоий тармоқдаги расмий каналига жойланади. Лекин чекка қишлоқдаги радио тингловчи, газетани севиб ўқийдиган обуначиларимиз ижтимоий тармоқларга онда-сонда киришади. Ҳатто шаҳар жойда ҳам интернет тезлиги мақтагудек эмас (айрим ҳудудларда). Бугун канал ёки сайтда бирор материал бонг урилади. Қарабсизки, эртага ёки бир неча соатдан кейин ушбу материал ўчирилади ёки ёлғон ахборот бўлиб чиқади. Бу ҳечкимга сир эмас.
  Газетада босилиб чиққан материални, нафақат газетадан, балки тарихдан ўчиролмайсиз! Ушбу фикрларим билан сайтларда,ижтимоий тармоқларда фаолият олиб бораётган холислик ва адолатни ўзида мужассам қилган профессионал ҳамкасбларим — журналист ва блогерларни қоралашдан йироқман. Юқоридаги фикрларим ўз эгасини топишига ишонаман. 
Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Бутун республика,туман газеталарига? Матбуот ходимлари иш жараёнигачи? Йўқми?
Ҳали ҳанузгача, республикамизда, қурилишга қанча эътибор берилаяпти. Aммо қанчадан-қанча газетачилар эски, зах босган биноларда макет тайёрлаш, материал ёзиш билан банд. Қишда совуқ, ёзда иссиқ хоналар… Балки, газетани ўлдириш фикридан қайтиб, савобли бир ишга қўл урарсиз? Ҳар бир туман, вилоятда ташкилотларга бинолар қурилмоқда. Aммо кўпчилик газетачиларда ҳатто бемалол ижод қилиш учун таҳририят биноси йўқ! Эстингизда бўлса, икки йил олдин муҳтарам Президентимиз, газеталарда журналистлари, ижодкорлар рисоладагидай ишлашлари учун уларга биринчи навбатда яшаш шароити, замонавий уйлар, қолаверса, иш шароити ва ниҳоят хизмат машинаси бўлиши шартлигига куюнчаклик билан муносабат билдириб, мутасаддилар олдига устувор вазифалар қўйгандилар? Ўтган вақт ичида кўп ишлар қилинди, матбуотимиз чинакам тўртинчи ҳокимият бўлди. Лекин…
 Гоҳида ишлаш учун битта хона қидириб юрган матбуот фидоийсини кўриб, нима дейишни ҳам билмайсан киши. Ваҳоланки, ижодкорга тинчлик, сокинлик керак. Қалам тебратиш осон иш эмаслигини барча ижод аҳли яхши билади. Моддий тарафлама қийналса ҳам, бечора журналист газетам ўз вақтида чиқиши керак деб, минг ёниб, минг куяди (газеталар ойига 3-4 ёки ҳафтасига 2-3 маротаба чиқади). Обуначилар туман, вилоят, республика янгиликларини ва бошқада материалларни ўқийди. Маънавий озуқа олади. Сиёсий дунёқараши кенгаяди, бугунги кун янгиликлари бўйича тушунчаси ошади. Муҳими — «Маънавий қашшоқлик»нинг қурум босган ҳолатдан йироқлашади. 
  Ўз тарихини унутган жамиятда юксалиш бўлмайди. Ўз тарихини ўз қўли билан бўғиб ўлдирган ёки ёқиб юборган давлатнинг келажагига ишонч бўлмайди. Газета яшайди. Яшаши шарт.  
  Балки, ёзганларимдан аччиғингиз келгандир. Лекин унутманг! Ҳақиқат аччиқ бўлади. Матбуотдан фақат айб қидирмасдан, барча тарафлама муаммоларини ўрганинг! Ҳеч бўлмаганда, қизиқиб кўринг. Aгар шунчалик газетани йўқотишга, ўлдиришга бел боғлаган экансиз, Сиз бу ишни қилсангиз эртага тарихни ёқиб юборган одам сифатида Яратганнинг жазосига маҳкумсиз! Сизнинг маънан юксакликдан анча йироқ шахсий фикрингизни камтарликни ўзига касб қилган ҳамкасбларим кўтаришлари мумкин, бироқ Қонун кўтармайди! Чунки Сиз эртага тирик тарихга тош отган, газеталарда болаларининг ҳалол нонини пешона тери билан топаётган юзлаб, минглаб журналистларнинг ризқи қирқилишига сабабчи бўлган шахс сифатида айбланасиз! Қонун олдида матбуот ходимлари ҳуқуқларини бузишга уринганингиз учун жавоб берасиз? Сиз шунга мажбурсиз! Чунки биз инсон манфаатлари мудом ҳимоя қилинадиган Қонун устувор, Сарбони матбуотни, ундаги ошкоралик ва ҳалолликни, сўз эркинлигини, халқпарвар журналистнинг қонуний ҳатти-ҳаракатини ҳар қандай шароитда ҳам амалда қўллайдиган юртда яшаяпмиз! Шуни унутманг ва ўзингизни бироз босиб олиб, ақл билан ҳаракат қилинг! Обрўйинргиз борида газеталарга тош отишдан ўзингизни тийинг!

Лобархон БAЗAРБAЕВA, Журнaлист