Пт. Авг 7th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

ОВЧИЛИК ВА ОВ ХЎЖАЛИГИГА ДОИР ЯНГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ. ЭНДИ НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?


Маълумотларга қараганда мамлакатимизда Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан рўйхатдан ўткан овчилар сони 38 мингдан ошади. Лекин ноқонуний овчилар ҳам борки, уларнинг ҳаракати қонунан белгиланмоқда, аммо табиатга берилган зарар олдида бу ҳеч нарса бўлмай қолди. Шу сабаб ҳам овчилик ва ов хўжалигидаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш ва қайта ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июль санасида «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги № 627 сонли қонуни қабул қилинди. 
Мазкур қонун доирасида эндиликда ов хўжаликларини ташкил этиш, йиллик ов мавсумини белгилаш ва ноқонуний ов ҳаракатларига, броконерлар ҳаракатларига чек қўйиш каби вазифалар белгилаб олинди. 2016 йилда айнан, овчилар томонидан қарийб 90 минг тонна гўшт маҳсулотлари тайёрланган. Лекин кучайтирилган назоратга қарамасдан хуқуқбузарликлар ҳам кузатилмоқда. Биргина 2020 йилнинг биринчи чорагида овчилик ва балиқчилик соҳасида 2247 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Бу рақамлар эса табиатга берилган зарарнинг нечоғли катта эканлигидан далолат беради. 
Жами 7 та боб мавжуд бўлган мазкур қонун билан яна нималар белгиланди? Қонунга мувофиқ, ов қилиш турлари, усуллари, муддатлари, маҳсулотлари ва қуроллари, гувоҳнома ва рухсатномаларнинг ким томонидан қай тарзда берилиши ҳам белгилаб қўйилган. «Қизил китоб»га киритилган жониворларнинг овланиши қатъиян тўхтатилади. Ов қилиш ва овчилик хўжалигидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ов қилиш жойлари, овчилик ресурслари каби тушунчалар алоҳида тарифлаб берилган. Унга кўра ҳақиқий овчилик гувоҳномасига эга бўлган жисмоний шахс, шу жумладан, Ўзбекистонда вақтинча турган ва ов қилиш соҳасида хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган чет эллик фуқаро овчи ҳисобланади. 
Бундан ташқари мазкур қонун билан овчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Жумладан, ёввойи ҳайвонларнинг рухсат этилган турларини белгиланган жойларда ва муддатларда овлаш, ов маҳсулотини ўз ихтиёрига кўра тасарруф этиш, давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахсларидан ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. 
Ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва тартибга солиш каби нормалар ҳам белгиланган бўлиб, уларга ов қилишга доир квоталар ҳам акс этган. Ов қилиш учун биринчи навбатда ресурслар зарур, яъни овчилик ресурсларини кўпайтириш нормаларининг белгилаб берилиши турли хатти-ҳаракатларнинг олдини олади.  
Ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ёввойи ҳайвонларни сунъий равишда маҳсулдорроқ ҳолатда сақлаб туриш, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, бўлиш ва урчиш жойларини, уларнинг кўчиб ўтиш йўлларини муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш, шунингдек ҳайвонлар сув ичадиган жойларни барпо этиш ёки илгари мавжуд бўлганларини тиклаш, иҳота ва озуқа экинларини экиш, ёввойи ҳайвонларни озиқлантириш орқали амалга оширилиши қонуннинг 13-моддасида мустаҳкамлаб берилган.
Дарвоқе, қонунга мувофиқ табиий эркинлик шароитида яшаётган, ов қилиш жойларига, шу жумладан овчилик хўжалигидан ташқарига қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулкидир ва Давлат овчилик фондини ташкил этади. 
Қолаверса, ов қилишда рухсат этилмайдиган қуйидаги ҳолатлар ҳам кўрсатилганки, бу чекловлар айни муддао бўлди ва кўпгина салбий оқибатларнинг олди олинади. Яъни эндиликда ов учун чуқурлар қазиш, портловчи, кимёвий моддаларни, биологик препаратларни ва электр токини, товушсиз отиш мосламаларини қўллашга, дов-дарахтларни ёқиш каби ҳолатларга рухсат этилмайди.  
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома юридик ва жисмоний шахслар билан 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга тузилади. 
Балиқ овлаш ҳам қатъий турда амалга оширилади. Яъни белгиланган муддатлари мавжуд бўлиб, масалан, Амударё ва Сирдарёда 1 июньдан 10 март, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг сув ҳавзаларида 11 июньдан 25 апрелга, қолган барча сув ҳавзаларида эса 1 июнь ва 15 апрел оралиғи этиб  белгиланган.  
2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида қўмита томонидан ҳайвонотлар дунёсини, айнан балиқчилик бўйича, муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида 73 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Ноконуний балиқ овлаш бўйича 32 шахсга 35 млн. 680,0 минг сўм жарима белгиланган бўлиб, 33 шахсдан 29 млн 432,0 минг сўм ундириб олинди. Табиатга етказилган зарар учун 40 шахсга 167 млн 315,6 минг сўм даъво ҳисобланди. 
Қонун расмий эълон қилинган кунидан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Демак, олддинда ов мавсуми яқинлашмоқда. Овчилар ва ов хўжаликларига ходимларига эса шу нарсани таъкидлаган бўлар эдик, овга чиқишдан олдин мазкур Қонун билан яхшилаб танишиб чиқинг. Зеро, ўз мажбуриятларингизни ва эркинликларингизни билиб олсангиз ов мавсумидаги фаолиятинингизда зарар қилмайди.

Улбосын Мырзаназарова

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмита раисининг матбуот котиби-ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси