Пт. Авг 7th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Карантин қоидаларига риоя этмаслик учун жавобгарлик муқаррар


Маълумки, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб кенг тарқалди ва Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.
Айни пайтда мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, эпидемияга қарши курашиш ва карантин қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилди.
Жумладан, 2020 йил 26 мартда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилиниб, карантин билан боғлиқ қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш қоидалари киритилди.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш ишларини тўлақонли амалга ошириш мақсадида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жарима белгиланди.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасида қуйи¬даги ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган:
– карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш;
– карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш;
– карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик;
– давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талаб¬ларини узрли сабабларсиз бажармаслик.
Ҳозирги кунга қадар коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёр¬лаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан бир қатор карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касаллик¬лар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олишнинг мажбурий қои¬далари белгиланган.
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дас¬турини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сонли Фармойиши билан ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 176-сонли қарорининг 12-бандига мувофиқ, Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунинг¬дек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.
Содир этилган ҳуқуқбузарликни таҳлил қилганимизда, асосан жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан юриш билан бирга жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик ҳуқуқбузарликлари содир этилганлиги ачинарли ҳолдир.
Хулоса қилиб айтганда, энг аввало, аҳолимиз карантин қоидалари ва шифокорлар маслаҳатига амал қилган ҳолда, ваҳимага тушмасдан давлатимизга ишониб ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлаши керак.
Халқимиз бошига бундай кулфатлар тушган бир пайтда фуқароларимиз бирдамликни қўлдан бермасдан, жипслашиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишса, албатта, ушбу синовли кунлардан муваффақиятли ўтиб оламиз.

Ж.М.Уразбаев,
Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судининг раиси