Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

ИМЛОНИ ҚАЧОН ЎРГАНАМИЗ ЁХУД «Х» ВА «Ҳ» МУАММОСИ ЕЧИМ ТОПАДИМИ ?

Кишининг саводи унинг обрў-эътибори, сўзлашиш маданияти, талаффузи, айниқса, имло саводи эл аро шону шарафидир. Аммо шундай кишилар борки, ҳатто улар «х» ва «ҳ» ҳарфларини фарқлай олмайди.
Фикримизни далиллаш учун мисоллар кўп. Жамоатчилик гавжум ҳудудларга қаторасига осиб қўйилган паннолар, кўргазма-тарғибот ёзувлари, турли ҳажмдаги билдирув-эълонларда ҳам имло хатолари бир мунча. Ахир биргина ҳарф билан сўзнинг маъноси ўзгариб кетиши табиий ҳол. Масалан, хил ва ҳил сўзларини изоҳлайдиган бўлсак, «хилʼʼ сўзи хусусият, сифат, бирор нарсанинг нави, тури, зоти ва бошқа турли хил маъноларни билдирса, «ҳил» сўзи эса бирор нарса-буюмнинг ҳолатини билдиради. Ҳил-ҳил пишган шафтоли, ҳил-ҳил пишган гўшт…
Ёки хам-ҳам, хийла-ҳийла, хол-ҳол, хирс-ҳирс кабилар ҳам турли маънодаги сўзлардир.
Мисол учун, «хийла» сўзи равиш туркумига мансуб бўлиб, маълум даражада, бирмунча, анча (Беморнинг соғлиғи хийла яхшиланди) каби маъноларни билдирса, бу сўзнинг пароним жуфти бўлган «ҳийла» сўзи эса айёрлик, маккорлик, макр, найранг каби маъноларни англатади.
Энди шу сўзларнинг ўрнида паронимини қўллаб гап тузайликчи, сўз ўз маъносини сақлаб қола олармикин? Бола дўстини бекатда ҳийла кутди. Бу гапда мазмун бутунлай ўзгарди. Яъни “Бола дўстини бекатда найранг кутдиʼʼ деган маъно ҳосил бўлди.
Афсусланарли жиҳати телевидение орқали эфирга узатилаётган катта-кичик реклама, роликларда ҳам имловий хатоликлар кам эмас. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмиʼʼ деган гапнинг ўзида «шоҳʼʼ, «Заҳириддинʼʼ, «Муҳаммадʼʼ каби сўзларнинг ҳар бирида биттадан имловий хатолик мавжуд. Ахир бу буюк алломаларимизга ҳурматсизлик эмасми?
Саводхонлик даражамиз шу зайлда кетаверса, эртанги кунимизнинг, келажагимизнинг аҳволи нима бўлади? Ҳар ҳолда имловий хатоликлар кеча ё бугун пайдо бўлиб қолмади. Ўз вақтида бонг урмай, сукут сақлашлар эса тобора хунук натижа бермоқда.
Маърифатпарвар бобомиз Фурқат.

Менинг мактаб аро булдир муродим,
Хатимдек чиқсау имлою саводим…
-деб ёзганида ҳусни хатда баркамол бўлиш баробарида имло саводида мукаммал бўлишни нафақат ўзидан, балки бутун бир элимиздан талаб қилгани маълум.
Билим даражамизни баҳолашда Тест усулига ўтилгани қанча самара бератотган бўлса, бир ёқлама ёндашувга мукки тушиб кетилаётгани шунча зарар келтирмоқда. Хаттотликнинг таомилдан чиққани имло қоидаларига шунчалар дахл қилаётгани ҳам ташвишли.
Сиз бунга нима дейсиз?
Бу ҳақида ёзсак гаплар кўп. Бироқ, холванинг ҳам ози ширин. Умид қилганимиздек бир кун келиб бу муаммолар ўз ечимин топар, аммо бу мавзудаги фикр-мулоҳазаю муҳокамалар ҳали давом этаверади.
Ойбек ЮСУПОВ,
Kar24uz учун махсус.