Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Фаришта фоҳишага айланмасин…

Яқиндагина телевединие орқали бир кўрсатув эфирга узатилди. Кўрсатувда ёшгина бир қоровул йигит ўзи ишлайдиган, ҳали қуриб битказилмаган бинони фоҳишахонага айлантиргани ва ўша бинога навбатдаги мижозининг кўнгил хушлиги учун 100 минг сўм пулни олаётган пайтда ИИВ ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида сўз юритилди. Кўрсатув давомида шу бинога жазмани билан ташриф буюрган аёлга сўз берилди. Аёл қилган ишидан пушаймон эканлигини йиғлай-йиғлай такрорлади (ким билади балки бу чинакам афсус кўзёшларидир, балким бу ниқоб остидаги сунъий томчилардир). Хуллас, кўрсатув охирида бу аёлга ва жазманига ҳамда уларга “шароит“ қилиб берган йигитга суд томонидан ҳукм ўқилди…
Кўрсатув тугагач, менинг ҳаёлимда бир савол айланарди. Бугун интернетдаги кўпгина ижтимоий тармоқлар, телекўрсатувлар, газеталарда “Тунги капалаклардан эҳтиёт бўлинг!“, “Тунги капалаклар қўлга олинди…“ қабилидаги хабарларга кўзимиз тушади. Кўзимиз тушадию, -Қўлга олингани яхши бўлибди. Ахир бу билан қанча оилаларнинг бузилиб кетишининг олди олинади, дея такрорлаб қўямиз. Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, арзимаган пул эвазига ўз танасини сотиб, мана шундай жирканч ишларни қилишдан тап тортмаётган “тунги капалаклар“ нима сабаб бу йўлга кириб қолди? Уларнинг пешонасига “фоҳиша“ деган бир умрлик қора тамға қачон босилишга улгурди? Ахир у ҳам бир пайтлар бир муштипар онанинг фаришта қизи эдику!
Бу саволга ҳар ким ўзича жавоб қилиши мумкин, айримлар, бунга изоҳ шарт эмас, бу йўлга кирган одам шайтон измидаги манқурт дейиши мумкин, лекин менинг фикрим бутунлай бошқача.
Мен бир қизни биламан. У қўшни маҳалладаги оддийгина оиланинг оддий қизи эди. Мактабда ўқиб юрган пайтлари оиласининг моддий етишмовчилиги туфайли кафеда ишларди. Балки шу сабабданми, дарсларни ўзлаштириши анча паст эди. Шу зайлда йиллар ўтаверди, кафега ярим кечаси қатнаб ишлайдиган қизнинг одоби дарз кета бошлади. Билмадим, қизнинг тиниқ ва беғубор ҳаёлларини кафега серқатнов баъзи иймонсиз йигитлар буздими, ёки ота-онаси ўзлари билмаган ҳолда яратиб берган “эркин ҳаёт“ айнитдими, хуллас калом қиз коллежни тугатар-тугатмас хунук бир хато орттириб олди. У ўзидан анча ёши катта бир эркакдан ҳомиладор эди ва бу никоҳсиз фарзандни дунёга келтирди.Вақтида мактабдаги устозларининг танбеҳидан хулоса қилмаган, қилган гуноҳларига вақтида тавалло айтмаган қиз гўзал ёшлигига шу ҳолатда нуқта қўйди…
Ҳа, биз билган ва билмаган бу каби ачинарли воқеалар ҳаётда афсуски учраб туради. Мисол учун, жорий йил март ойида фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш, фоҳишалик билан шуғулланиш, жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилинишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган прафилактик тадбирлар ўтказилди. Бунга кўра, биргина Тошкентда бир ҳафтада 7 та фоҳишахона аниқланиб, 19 та фоҳиша қўлга олинган. Уларга нисбатан жиноят кодексининг 131-моддаси қўлланилиб, жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси айнан мана шу жирканч жиноят ҳамда унга белгиланган жазо ҳақида. Унда “Фоҳишахона очиш ёки сақлаш, шунингдек ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади“ дея келтирилган. Ўйлаб қоласан киши, аёл боши билан шаънига тўғри келмайдиган жирканч ишларга қўл уриб, юқоридаги модда билан айбли деб топилиб, совуқ панжаралар ортида ўтириш шарқ аёлига ярашадими?!
Бундай нохуш ҳолатларнинг аксарияти оиладаги тарбиянинг сустлигидан, аксарияти эса вояга етган ва етмаган қизларнинг рўзғор юки елкасига тушиб, пул топиш илинжида чет элларга ишга кетиши, ёки юқоридаги шўрлик қизга ўхшаб турли кафе-ресторанларда ишлашига тўғри келаётганидан бўлса ажаб эмас. Мен айнан мана шу иккинчи ҳолат ҳақида сўзимни давом эттирмоқчиман. Ҳар бир ота-она фарзандини дунёга келтирар экан, унинг келажаги учун моддий ва маънавий шароит ҳозирлайди. Албатта, бу иккала тушунча фарзанд тарбиясида бир-бирини тўлдириб, бир-бирини тақазо этиб келувчи тушунча. Ота-она фарзандларга моддий тарбияни керагидан ортиқ берсаю аммо маънавий тарбияни боласидан “қизғанса“,ёхуд ўз вақтида маънавий тарбия бериб, одобномани унинг миясига сингдирсаю, бироқ моддий томондан унинг эҳтиёжларини қондиролмаган пайтда юқоридагидек жирканч ишлар содир бўлади. Шундай экан, ҳар иккала масалада ҳам ота-она, оила эҳтиёт бўлиши керак. Таниқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов шундай ёзган эди: “Аёл кишининг хиёнат эшиги бир очилмасин, очилса қайта ёпилиши қийин. Қулфи бузилиб қолган бўлади…“
Ёзувчининг бу мулоҳазали фикрлари айнан ўша “тунги капалаклар“га қарата айтилган бўлса ажаб эмас. Сўзим аввалида айтиб ўтган гапларимдан қиз бола уйда тўрт девор ичида ўтириши керак, деган хулосани ясамоқчи эмасман. Шунчаки, қиз боланинг елкасига рўзғор юкини ортиб, уни турли кафе-ресторанларга ишга жойлаётган, бўйи етган қизини ўз ҳолича ташлаб чет элга ишлагани кетаётган ва чет элнинг очиқ саҳнали сериалини кўраётган ўғлига қўшилиб ўзи ҳам томоша қилаётган ота-оналар дилбандининг бугуни ва келажагини ўйлаб иш тутса мақсадга мувофиқ бўлармиди, демоқчиман.
Зеро, назоратсиз қолган беғубор ва оппоқ “капалак“лар ҳеч қачон “тунги капалаклар“га айланмасин.

Азиза МАДРАҲИМОВА, Kar24.uz мухбири

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *