Вс. Окт 20th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Ёзмасам туролмайман, айтмасам чидолмайман

Ўзим, она тили ва адабиёти, публицистика соҳаларига қизиқиб, шу томон бораётганим учун ҳам бу ҳақда ёзмай туролмадим. Биз, ёшларга туркий тил, умуман, ўзбек тили нақадар бой ва мукаммал тил эканлигини мактабда, коллеж ва олий ўқув юртларида йиллар давомида ўқитувчи-устозларимиз айтиб, чарчашмайди. Аммо, ўзбек тилида ҳам кўплаб шева ва лаҳжаларни барчамиз яхши биламиз. Шевалар тил бойлиги сифатида, асосан, ўғзаки сўзлашувда, муомала асносида тараққий этишини айтамиз. Шундай бўлсада барчамиз адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий ва маданий фаолиятда, ҳаттоки, турли хил мактуб-хатлар ёзишда адабий тил меёрларига амал қилишимиз шарт. Бизга ёшлигимиздан ўқитувчи, устозларимиз шундай ўргатишган, албатта. Лекин, атрофимизга разм солсак, бу олтин қоидага қай даражада амал қилинаётганини кўриш мумкин.
Афсуски, оммавий ахборот воситалари бўлмиш телевидениеда намойиш этилаётган телекўрсатувларда, бадиий асар ҳисобланмиш телесериалларида адабий тил меёрларига амал қилинаётганини кўриб, гувоҳи бўляпмиз. Жумладан, барча севиб томоша қилаётган «ЗўрТВ», «МЙ5», «Севимли» каби бир қанча ҳусусий телеканаллардаги кўнгилочар кўрсатувларда бошловчилар ҳам, иштирокчилар ҳам «тошкентча» шевада мулоқот қилаётганликлари томошабинларнинг ғашига тегиши табиий. Бу кўрсатувларни бутун республика, онлайн қутича – интернет орқали эса, бутун дунё аҳолиси ҳам кўриши мумкин.
Масалан, мазкур телеканалларда намойиш этилаётган «Юраклар жанги», «Виждон азоби», «Сабоқ», «Журналист» сингари телесериалларда ҳам худди шу муаммо. Унда иштирок этаётган қаҳрамонлар, асосан, аксарият ёш актёр ва актрисалар ҳам ўз лаҳжаларида – Тошкент шевасида гапирадилар ёки институтда уларнинг устоз-муаллимлари «Роль ижро этаётган маҳал адабий тил меёрларини бузмай гапиринг», дея ўргатишмаганмикин?
Майли, улар ростдан ҳам бу ҳақда устозларидан сабоқ олишмаётгандир. Лекин мана шу сериал, кинофильм ва телекўрсатувларнинг режиссёр ва муҳаррирлари қайга қарашмоқда?
Мактабда ўқитувчилар ёшларга адабий тил меёрлари ҳақида тинмасдан, тўхтовсиз гапириб, ўргатиб келишсаю телевидениеда шевада сўзлаш ҳолатларини эшитсак, тилимиз маданиятига бўлган этибор сусаймасмикин? Шубҳасиз, анча вақтдан буён мана шу савол барчани муҳокамага чорлаб келмоқда.
Ойбек ЮСУПОВ, Каr24.uz учун махсус.