Вс. Окт 20th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Божхоначилар «Нукус мед тех»да бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига белгиланган қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловларидан 775 млрд. 760 млн. сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилган. Ушбу имтиёзларнинг асосий қисми инвестиция дастури ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича чет давлатдан олиб келинаётган асбоб-ускуналарга нисбатан қўлланилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан республикада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларга божхона соҳасидаги қабул қилинаётган сўнгги меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунтириш мақсадида жойларга чиқиб, сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.

Божхоначилар Нукус шаҳрида иш бошлаган «Нукус мед тех» қўшма корхонасида бўлиб, у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишди.

4,9 миллион АҚШ долларлик инвестиция ҳисобига яқинда ишга тушган «Нукус мед тех» қўшма корхонаси йилига 240 миллион дона бир марталик шприс ҳамда 160 миллион дона томчи дори системаларини ишлаб чиқариш қуввватига эга. Бундан ташқари, бу ерда жарроҳлик қўлқопларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, келажакда гемодиализ аппаратини ишлаб чиқариш бўйича Хитой халқ Республикаси билан шартномалар тузилган.

Буюк Британиянинг «Медиcал cапитал» корхонаси билан ҳамкорликда тузилган ушбу қўшма корхонада иш талаб даражасида. Корхонада 200 та иш ўрни яратилган бўлиб, ходимлар икки сменада иш олиб бормоқда.

Асосий хомашё ва ускуналар учун тижорат банкидан олинган 25 миллиард сўм миқдоридаги кредит ҳисобига иш бошлаган корхона маҳсулотлари яқин кунларда экспортга чиқарилиши мўлжалланмоқда.

Маҳсулотлар асосан Қозоғистон Репсубликаси, Россия Федерацияси ҳамда Хитой Халқ Республикасига экспорт қилиниши кутилмоқда.

Учрашувда бошқарма раҳбарияти ҳамда мутасадди ходимлар юртимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳар томонлама кўмаклашишга божхона органлари тайёр эканлигини билдиришди.