Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Бойвачча тилимизнинг кўмаги

Таҳририятда фаолият юритувчи Чарос эски дугонасини соғинди чоғи, қўлига телефонини олдию ҳарфлар клавишини чертганча СМС ёзишга тутинди: Салом, дугонам Севинч. Аҳволларинг яхшими? Фарзандларинг тинчми? Сени соғиндим.
Орадан салкам вақт ўтиб, жавоб СМС мусиқаси жаранглади. Унда шундай сўзлар битилганди: «Салом қадрдоним. Бормисан-омонмисан? Ишлар билан юрибсанми қалам-ла диллашиб, қоғоз ила қувлачмачоқ ўйнаб. Бўладиган бола… деганларидек. Эсингдами мактабда адабиётни жуда севардик. Кўп баҳо олишда беллашардик. Ўзбек тили бойлиги сабабли сен доскага чиқсанг, қафасдан чиққан булбулдек, сайрайвериб, сайрайвериб бизга вақт қолдирмасдинг. Ўшанда шунқанги жаҳлим чиқарди. Ҳозир эсласам»…
-Ҳа нимасини айтасан, аммо сен иншони чиройли ва бехато ёзардинг эсингдами?
-Ҳа, лекин битта сирни очаман. Мен “х“ билан “ҳ“ ҳарфларини фарқлаёлмаганлигимдан ўша ҳарфлар иштирок этган сўзларни, иложи борича синонимларидан фойдаланардим. Масалан: хат сўзини ўрнига мактуб, хабар сўзига маълумот, хотира сўзини ўрнига эсдалик… Эсимда, ҳатто хайр сўзига қандай х ҳарфи ёзилишини билмасдан алвидо деб ёзиб юборганман. Ва ўша пайтлар ортимдан юрган йигитлардан осонгина қутилганман. Ҳозир шуларни эсласам кулгим келади. Мана иншоим нимага беҳато, йўғей бехато ёзилганининг боиси. Бўпти дугон тўполончимни боғчага элтишим керак. Алвидо!
Чарос ушбу охирги СМСни ўқидию бирдан кулиб юборди.

Зуҳра Файзуллаева,
Kar24uz учун махсус.